Ректорларга талабаларнинг психологик портретини тузиш топширилди
Ўзбекистон олий таълим, фан ва инновациялар вазири Иброҳим Абдураҳмонов олийгоҳ ректорларига барча талабаларнинг ҳолатини ўрганиб, уларни шартли равишда одобига кўра гуруҳларга ажратиш ва рўйхатини шакллантириш топшириғини бергани айтилмоқда. Бу ҳақда таълим бўйича эксперт Комил Жалилов ўзининг Telegram каналида ёзиб қолдирди, дейилади «Газета» хабарида.
«Шошилинч» ёрлиғи билан юборилган ахборотда талабаларни қуйидаги гуруҳларга ажратиш сўралган:
- Жиноятчиликка мойил талабалар;
- Ёт ғоялар таъсирига тушишга мойил талабалар;
- Тартиб-қоидаларга риоя этмайдиган талабалар.
Ажратиб олинган талабаларга вазирлик ва олий таълим муассасаларининг раҳбар-ходимларини бириктириш, уларнинг ота-оналари билан индивидуал суҳбатлар ташкил этиб бориш, талабалар билар индивидуал иш олиб бориш қайд этилган. Шу тарзда талабанинг «психологик портрети»ни шакллантириш топширилган.
Вазир Иброҳим Абдураҳмонов томонидан ўтказилган мажлисда ОТМларга берилган топшириқлар ижроси бўйича сифатли маълумотларни 3 кунда [email protected] электрон манзилига биринчи раҳбар имзоси билан тасдиқлаган ҳолда юбориш сўралган.
Мазкур ҳолатга эксперт Комил Жалилов муносабат билдирар экан, у Адлия вазирлиги ва ҳуқуқшуносларга қатор саволлар билан мурожаат қилди. Хусусан, Ўзбекистон Конституциясидаги ҳар ким шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш, фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эга эканлиги тўғрисидаги моддаларни эслатиб ўтди.
Жиноят содир этганликда айбланаётган ҳар бир шахснинг иши судда қонуний тартибда, ошкора кўриб чиқилиб, унинг айби аниқланмагунча у айбдор ҳисобланмаслиги, давлат фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаши ҳақидаги моддаларни келтириб ўтди.
«Талабани (умуман шахсни) „жиноятчиликка мойил“, „ёт ғоялар таъсирига тушиш арафасида“ сингари рўйхатларга тиркаш, умуман, давлат органи томонидан бундай рўйхатларнинг шакллантирилиши ва юритилиши Конституциянинг юқорида келтирилган нормаларига ва айбсизлик презумпциясига қай даражада мос келади?» — деб ёзади у.
Ҳолат юзасидан Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги ҳозирча бирор муносабат билдирмаган. Аввалроқ Иброҳим Абдураҳмоновнинг ОТМ ректорлари ва проректорлари билан учрашувда ишсиз битирувчилари кўп бўлган университетлар ёпилиши ҳақида айтган гаплари жамоатчилик муҳокамасига сабаб бўлганди, дейилади хабарда.
Шарҳлар