Энг тинчликсевар касб

Источник: unsplash.com

Биз қурувчилар оиласимиз. Энг катта акам умр бўйи том ёпувчи бўлиб ишлаган, Тошкент шаҳрида 70-80 йилларда қурилган уйларнинг кўпчилиги у ишлаган 53-қурилиш трестининг меҳнати туфайли ишончли битум изоляциясига эга. Катта опам ТошПИни “Темир-бетон буюмлар” мутахассислиги бўйича тамомлаб, ўзининг бутун иш фаолиятини 3-ТББ заводида ўтказди. Айнан шу заводда мен ҳам, талабалик давримдаёқ, меҳнат фаолиятимни йирик панелли уйлар учун панелларни тайёрлаш цехида бошлаганман.

Цехдаги ёши катта дўстларимнинг самимий табассумларини  доим эслайман, улар ёш ишчи, яъни менга горизонтал қолипланган темир-бетон буюмларни қолиплаш бўйича оғир ишни қандай қилиб минимал куч билан бажариш мумкинлигини бажонидил кўрсатишарди. Қолипни мойлаш, каркаснинг ички маҳкамлаш элементларини ўрнатиш, каркасни ва ички резина трубка каналларини ўрнатиш (деворлар ичидаги кабеллар учун), қолипга тайёр бетонни қуйиш, бетонни тешиш ва бетон сиртини силлиқлаш ишлари… Кейин, совуб, бирламчи қотганидан сўнг,бетон аралашмасига керакли мустаҳкамликни бериш учун қолипни катта ҳароратдаги ва қуруқ буғли буғ ванналарига ўтказиш. Мен ҳам арматурачи, ҳам такелажчи, ҳам дурадгор, ҳам бўёқчи бўлишим керак эди…

Ушбу касб вакилларига чуқур ҳурматимни изҳор этган ҳолда, Ўзбекистондаги қурилиш ҳақида бир неча фактларни қайд этишни истардим:

1-факт: Уй-жой қурилишининг суръати ва хилма-хиллиги шаҳарларимиз қиёфасини сезиларли даражада ўзгартириб, уларга замонавий қиёфа бағишлади ва аҳоли учун қулайликлар яратди.

Эсимда, яқин-яқингача бизда 9 қаватдан юқори бўлган тураржой биноларини қуриш тақиқланган эди (гўёки сейсмик хавф ва сейсмик ҳимоя элементлари ва технологиялари сифатига ишонч йўқлиги сабабли). Масалан, Тошкент “Оловуддиннинг сеҳрли чироғи” фильмидаги манзарага жуда ўхшарди – ҳаммаси оқ рангларда, ўрта асрларга хос шарқона дераза шакллари… Ҳозир эса Тошкентда ҳам, бошқа шаҳарларда ҳам 12 қаватдан ошадиган осмонўпар бинолар қад ростлаётганини кўрамиз, уларнинг ҳар бири ихчамлик ва кўркамликда бир-бири билан рақобатлашади.

Агар илгари шаҳарда битта кўнгилочар марказ бўлган бўлса (ўн йиллар илгаригидек бизнинг Сайилгоҳ каби), ҳозирда кўплаб савдо ва кўнгилочар марказларни кўриш мумкин, уларда шаҳарликлар учун харид қилишдан тортиб, то дам олишгача бўлган барча хизматлар кўрсатилади.

Тошкентнинг деярли исталган туманида шаҳарнинг ўтмиши ва келажагини боғлаб турган бўғин, яъни ўз Ситисини, ўз АТ-паркини кўриш мумкин. Бу нафақат Тошкентда, балки Самарқанд, Бухоро, Андижонда ҳам шундай.

2-факт: Кўплаб бинолар орасида ўзига хос ноёб иншоотлар борки, уларнинг қурилиши бир вақтлар ақлга сиғмайдиган ишдай туюларди. Бундай иншоотлардан бири, шубҳасиз, Тошкент марказида, Амир Темур хиёбони ёнида жойлашган Форумлар саройидир. Мазкур Сарой 2009 йилда қурилганига қарамай, унинг техник жиҳатдан қанчалик ўзига хослигини барча шаҳарликлар яхши билади.

«Ўзбекистон» халқаро форумлар саройининг баландлиги 48 метрни ташкил қилади. Унда 300 ўринли конференция зали, 300 ўринли банкет зали ва 1800 ўринли мажлислар зали мавжуд.

Дарҳақиқат, Сарой миллий ва замонавий меъморчилик услубини ўзида мужассам этган Амир Темур майдони меъморий ансамблининг дурдонасига айланган. “Сарой деворларида ялтираб турган нақш ва безаклар, мармар устунлар, диаметри 53 метрли гумбаз меъморчилик соҳасида жаҳон халқларини ҳайратга солган аждодларимизнинг кўп асрлик анъаналари муносиб давом этаётганидан далолат беради”.

Энг ҳайратланарлиси шундаки, Сарой қурилишида йирик жамоат биноларини лойиҳалаш, қурилиш учун замин тайёрлаш, қишда пойдеворга бетон ясаш ва қуйиш, йирик металл конструкцияларни ишлаб чиқариш ва ўрнатиш, мармар ва гранитни танлаш, қайта ишлаш ва ташиш, улуғвор деразалар ва чироқлар инкрустациялари (Сваровски) бўйича энг илғор технологияларга эга бўлган дунёнинг 40 дан ортиқ давлатидан турли компаниялар иштирок этган. Ўшанда бу бино қурувчиларидан бири менга шундай деганди: “Биз одамлар келамиз ва кетамиз, бундай ноёб технологиялардан фойдаланган ҳолда ясалган, нозик ишланган мармар устунлар бизнинг иштиёқимиз буюклигини кўрсатиб, асрлар давомида туради”. Менга гранит зинапоялар ва пилястрлар ётқизишда Тож Маҳалнинг мармар зинапояларини қурган ҳиндистонлик ҳунармандларнинг аждодлари қатнашганини айтишганди.

Ҳурматли ўқувчимиз барча саволларга жавоб топмаган бу маҳобатли бинонинг нархи ва тақдири ҳақида кинояли гапларни айтиши мумкин. Охир-оқибатда, бу бинони ҳеч ким ўзи билан ҳеч қаерга олиб кетолмайди ва у умуман миллий бойлик бўлиб қолади. Ҳеч нарса бу бино меъморий нафосат ва шарқона ҳашамат намунаси эканилигини инкор этолмайди.

3-факт: Мамлакатда дизайн топқирлиги ва қурилиш технологияси анча олдинга қадам ташлади.

Биз архитектор ва дизайнерларимиз жуда дадил эканига, ландшафт дизайнининг бой арсеналидан, бетон ва шишанинг нафислиги уйғунлигидан, турли қоплама ва безак материалларидан фойдаланишларига гувоҳ бўляпмиз. Энг муҳими, арматура ва пойдеворни боғлаш ишларига қараганда қурувчиларимиз биноларнинг сейсмик чидамлилигини таъминлаш вазифаларини жуда муваффақиятли ҳал қилишаётганини ишонч билан айта оламан. Конструкцияларнинг сейсмик бардоши бўйича зўр технолог бўлмаганим учун шуни айтишим мумкинки, Яшнобод ва Мирзо Улуғбек туманларидаги АТ-паркларида Nest One ва кўп қаватли уйларнинг пайдо бўлиши қурувчиларимиз мураккаб муаммоларни ҳал қилишни ўрганганидан далолат беради. Ва энг муҳими, меъморий ечимлар камдан-кам ҳолларда бир-бирини такрорлайди, бу биноларнинг аҳолиси учун дизайн ва қулайлик нуқтаи назаридан турли хил ва қизиқарли ечимлар мавжуд.

4-факт: Уй-жой қурилишининг жадал ривожланиши биноларни иситиш, совутиш ва вентиляция қилиш технологиялари, Интернет, алоқа, видеокузатув муҳандислик тармоқларини бошқариш учун паст кучланишли алоқа тармоқларини олдиндан ўрнатиш бўйича ижодий муҳандислик ечимларининг пайдо бўлишига кучли туртки берди.

Бундан 10 йил олдин, кўп қаватли биноларни иситиш учун, жумладан, уй-жой учун деворга ўрнатилган қозонлардан, томда турадиган қозонлардан фойдаланишни тасаввур қилиш қийин эди. Кучли кондиционер тизимлари (ҳам оқимли, ҳам тортиш тизимлари), чиллерлардан фойдаланган ҳолда совутиш тизими, шифт ва девор ичи орқали совутувчи саноат кондиционерлари бундай мураккаб ечимларни амалга ошириш имкониятларини орзу қилган меъморларнинг орзуси эди. Кўп қаватли уйларнинг сув таъминоти, газ таъминоти ва электр таъминоти, шунингдек, канализация тизими, чиқиндиларни йиғиш тизими ўзига хос хусусиятларга эга. Сув, табиий газни юқори баландликка кўтариш нафақат кучли насосларнинг бенуқсон ишлашини, балки улар учун электр таъминоти тизимини, шунингдек, ақлли редукторлар ва клапанлар ёрдамида ҳар бир қаватда кўплаб босим детекторлари ва сув босимини тартибга солиш тизимини талаб қилади.

5-факт: Шаҳарларда уй-жой қурилиши кичик ва ўрта бизнес учун асосий замин бўлган хизмат кўрсатиш ва савдо ривожига кучли туртки берди. Кўп қаватли уйларнинг деярли барча биринчи ва икки қаватлари бизнес, айниқса, савдо эҳтиёжлари учун мўлжалланган ва тақдим этилган. Бу қимматбаҳо ва жуда машҳур халқаро кийим-кечак, пойабзал, парфюмерия ва кўнгилочар брендларнинг келишига кучли туртки бўлди.

6-факт: Мен бир неча йил аввал турли сабабларга кўра Ўзбекистонни тарк этган ва ҳозир Украинадаги уруш туфайли мамлакатга қайтган одамлар орасида кичик сўров ўтказдим. Уларнинг барчаси Тошкент фуқаролар учун «дўстона» бўлиб қолгани, ниҳоят, қурувчилар ҳам шаҳар аҳолиси учун қулайлик сари интилаётганини алоҳида таъкидладилар. Энг аввало, транспорт ҳаракатини тартибга солиш, пиёдалар учун қулай йўлаклар, велосипед йўлаклари кўринишидаги (ҳозирча кам бўлса-да, лекин барибир) ўзгаришлар қайд этилди. Албатта, бу ерда ҳали қиладиган ишларимиз кўп. Асосийси, бу ишнинг зарурлиги ҳақида тушунча бор, демак, туб ўзгаришлар бўлади.

2022 йил 14 август  – Қурувчилар куни муносабати билан мен атайлаб фақат иқтисодиётимиз ривожининг ўзига хос локомотивига айланишини мақсад қилган уй-жой қурилишини ривожлантиришнинг ижобий томонларига тўхталиб ўтдим. Негаки, Ўзбекистоннинг 2022 йилги Давлат бюджетига мувофиқ уй-жой ва ижтимоий соҳа объектларини қуриш, маҳаллаларни ободонлаштиришга 26 триллион сўм ажратилади, бу мамлакатнинг умумий йиллик бюджетининг 13 фоизини ташкил этади.

Шу боис биз қурувчиларимизни – энг меҳрибон юрт вакилларини яқинлашиб келаётган байрам билан табриклаймиз! Қайғули нарсалар ҳақида кейинроқ, байрамдан кейин ҳам гапиришимиз мумкин.

Абдулла Абдуқодиров,

Anhor.uz иқтисодий шарҳловчиси

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.