Республикадаги 600 дан ортиқ IT-таълим марказларида 65 минг нафардан ошиқ ёшлар таҳсил олмоқда
Айни вақтда республикамизда 600 дан ортиқ IT–таълим марказларида 65 минг нафардан ошиқ ёшлар таҳсил олмоқда. АОКАда Рақамли технологиялар вазирлиги ҳузуридаги Рақамли таълимни ривожлантириш маркази раҳбарияти иштирокидаги матбуот анжуманида IT таълим олишда давлат томонидан тақдим этилаётган имконият ва имтиёзлар ҳақида маълумот берилди.
“IT истеъдод” дастури – IT-Park резиденти бўлган IT-хизматларни экспорт қилувчи компанияларга юқори малакали мутахассисларни тайёрлаб берувчи нодавлат таълим ташкилотлари фаолиятини ривожлантириш ҳамда кенгайтиришни рағбатлантиришга қаратилган лойиҳа саналади.
Қарорга кўра, нодавлат таълим ташкилотларига битирувчиси IT-хизматларни экспорт қилувчи ташкилотга ишга жойлашганда базавий ҳисоблаш миқдорининг 75 бараваригача яъни 25 миллионгача, ногиронлиги бўлган ёш битирувчиси ишга жойлашганда эса 105 бараваригача яъни 35 миллионгача бир марталик субсидия ажратилади.
IT-Park резиденти бўлган нодавлат таълим ташкилотларига субсидия бериш учун махсус ахборот тизими (crm.digital.uz) яратилган бўлиб, жорий йилнинг март ойида ишга туширилди. Бугунги кунга келиб, ушбу махсус ахборот тизимидан 485 дан зиёд таълим резиденти рўйхатдан ўтган ҳамда ўзларининг 1 281 та ўқув курси бўйича маълумотларни киритган.
Ушбу курсларни 26 800 та ўқувчи муваффақиятли битирган ва ҳозирги кунда 5 600 нафардан зиёд ўқувчи таълим олиб келмоқда. Битирувчиларнинг 11 000 нафардан зиёди иш билан таъминланган бўлиб, улардан 467 нафари IT-хизматларни экспорт қилувчи ташкилотларда ишламоқда.
Субсидия олиш учун ўқув маркази дастлаб ўз талабалари ҳақида маълумотни CRM системага жойлаштиради. Ўқув марказнинг IT йўналишидаги курсини тамомлаган битирувчиси уч ой муддатда IT-хизматларни экспорт қилувчи ташкилотга ишга жойлашиб узлуксиз олти ой ишлаши керак.
2024 йил ҳозирги кунга қадар 750 нафарга яқин ёшларнинг 2.6 млрд. сўмга яқин миқдоридаги халқаро IT-сертификат учун сарф қилинган харажатлари қоплаб берилди.
Шарҳлар