“Росатом”: Ўзбекистон билан АЭС қурилиши бўйича музокаралар муваффақиятли кечмоқда
“Росатом” давлат корпорацияси ва Ўзбекистон ўртасида республикада атом электр станциясини қуриш тўғрисидаги шартнома бўйича музокаралар “муваффақиятли” кетмоқда. Бу ҳақда “Росатом” бош директорининг биринчи ўринбосари Кирилл Комаров маълум қилади.
“Шартнома бўйича музокаралар яхши кетмоқда. Мен ҳар доим бундай ҳолатларни, саналарни айтмасликка ҳаракат қиламан, чунки бу жуда муҳим қарор. Бу қарор, биласизки, Ўзбекистонда кейинги 100 йилдаги муайян вазиятни белгилаб беради. Шунинг учун, айтишим мумкинки, шошқалоқлик ёки хато қилишдан кўра, барча жиҳатларни муҳокама қилиш учун қўшимча вақт сарфлаш яхшироқ. Лекин биз исталган вақтда ушбу лойиҳани аниқ амалга оширишни бошлашга тайёрмиз”, — дейди Комаров.
Унинг қўшимча қилишича, мутахассислар аллақачон атом электр станцияси қурилиши керак бўлган майдонни батафсил ўрганиб чиққан ва энг мақбул технологик ечимлар белгиланган. Бундан ташқари, Москва муҳандислик-физика институтининг Тошкент филиалида соҳа учун мутахассислар тайёрлаш давом этмоқда.
“Нафақат Россия, балки дунёнинг бошқа мамлакатлари олимлари кўмагида биз Ўзбекистон учун махсус зарур бўлган энг мақбул ечимларни тўпладик. Масалан, анъанавий равишда бизда буғ конденсацияланадиган градирнялар каби атом электр станциясининг бир қисми бор. Ўзбекистонда сув кўп эмас, шунинг учун биз анъанавий градирняларни қуруқ градирняларга алмаштириш ечимини топдик. Венгриядаги ҳамкасбларимиз ушбу қуруқ градирнялар учун жуда яхши ечимга эга, улар аллақачон улардан фойдаланишмоқда. Лойиҳа учун ноёб ҳамкорларни йиғиш мақсадида бироз вақт сарфланди. Бу фақат Россиянинг лойиҳаси бўлмайди”, — дейди у.
Комаровнинг сўзларига кўра, Ўзбекистон атом электр станцияси лойиҳасида бутун дунё компанияларининг муҳандислари иштирок этишлари мумкин бўлади. “Франциядан, Жанубий Кореядан, бошқа мамлакатлардан. Биз ускуналарни қаердан олишимиз ва уни чинакам халқаро лойиҳага айлантиришнинг кўплаб вариантларини топдик”, — дейди “Росатом” бош директорининг биринчи ўринбосари.
Шарҳлар