,

Россия: поезддан улоқтириб юборилган мушук ўлик ҳолда топилди

BBC

“Россия темир йўллари” компанияси кондуктор совуқда поезддан улоқтириб юборганидан сўнг ҳалок бўлган мушук эгаларидан узр сўради.

«Биз мушук Твикс ҳалок бўлганидан жуда афсусдамиз», – дейди “Россия темир йўллари” компания қоидаларини ўзгартиришга ваъда бериб.

Аввалроқ 11 январь куни Москвадан шарқда жойлашган Киров шаҳрида тўқ сариқ-оқ мушук ўйлаб ўтирмасдан қорга улоқтириб юборилгани акс этган кадрлар пайдо бўлган эди.

Маълумотларга кўра, поезд кондуктори мушукни дайди деб ўйлаган.

Бу воқеа жонивор сайёҳлик қутисидан қочиб кетган ва вагондан ўтаётган йўловчилар томонидан кўрилганидан кейин содир бўлган.

Воқеа ҳақида маълум бўлгач, юзлаб кўнгиллилар Кировдаги темир йўл станцияси ҳудудини қидиришни бошлаган.

Мушук охир-оқибат шанба куни ўлик ҳолда топилган, кейинроқ эса уни эгалари таниб олган.

Баъзи маълумотларга кўра, Твикс ҳайвон чақиши ва совуқдан нобуд бўлган.

Ўша пайтда Россиянинг кенг ҳудудларида совуқлар кузатилганди: Кировда ҳаво ҳарорати -30 °С гача тушган.

Маҳаллий ҳокимият рад этганидан кейин 70 мингдан ортиқ одам кондуктор аёлга нисбатан жиноий иш қўзғатишни талаб қилиб петицияга имзо чеккан.

​ 200 мингдан ортиқ одам имзолаган алоҳида петицияда эса исми ошкор қилинмаётган кондуктор аёлни ишдан бўшатиш талаб қилинган.

Твикснинг эгаларидан бири давлат матбуотига судга мурожаат қилиш ниятида эканини билдирган.

Воқеалар ривожини Россия бўйлаб минглаб одамлар махсус яратилган ижтимоий тармоқда кузатиб боришмоқда.

Твикснинг ўлими тасдиқланганидан кейин тармоқ фойдаланувчилардан бири фаришта қанотлари ва боши устидаги “нимб” чизилган мушук тасвирини жойлаштирган.

Шанба куни “Россия темир йўллари” компания кондукторларига «ҳайвонларни поезддан тушириб юборишни» тақиқловчи ўзгартиришлар аллақачон амалга оширилаётганини билдирди.

Компаниянинг қўшимча қилишича, бунинг ўрнига, улар темир йўл станцияларидаги ишчиларга тарқатилади ва ҳайвонларни ҳимоя қилиш гуруҳлари чақирилади.

«Россия темир йўллари» ижтимоий тармоқларда ўз ходимлари «ҳайвонларга катта эътибор ва меҳр билан муносабатда бўлишларини ва йўлда уларга ҳар қандай ғамхўрлик қилишларини» айтиш зарурлигини ҳис қилиб, катта норозилик туфайли ўзини ҳимояга қтлиш позициясига ўтишга мажбур бўлмоқда.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.