Россиядаги автоҳалокатда 8 нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлди
1 сентябрь куни Россиянинг Нижегородская областида, Самара – Москва йўлида оғир йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлди. Тожикистон фуқароси бошқарган микроавтобусда ўзбекистонликлар кетаётган бўлган.
Россия ИИВБ матбуот хизмати маълум қилишича, ҳайдовчи бошқарувни йўқотиб, тўсиққа урилган ва микроавтобус ағдарилиб кетган.
Микроавтобусда ҳайдовчи билан бирга жами 12 киши бўлган, барча йўловчилар Ўзбекистон фуқаролари. Авария натижасида саккиз киши ҳалок бўлган, қолган тўрт киши, жумладан ҳайдовчи, жароҳат олиб касалхонага ётқизилган. Вафот этганларнинг шахси ва ёши ошкор қилинмаган.
Ҳодиса жойида терговчилар ва йўл-патрул хизмати ходимлари ишламоқда ва экспертизалар тайинланган. Авария юз беришининг дастлабки сабаби микроавтобус шинасининг ёрилиши деб тахмин қилинмоқда. РФ Жиноят Кодексининг 264-моддаси бўйича жиноий иш очилган ҳамда ушбу модда бўйича етти йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси кўзда тутилган.
Шарҳлар