Россиялик блогернинг ҳаракатларига Ўзбекистонда қандай муносабат билдирилди
22 ёшли блогер Subo (Субхон Мамедов) ўзининг Instagram тармоғидаги саҳифасида 13 июль куни соат 23:00 да учрашув ўтказишини ва обуначиларга пул тарқатиши ҳақида эълон берган. Тошкент шаҳар ИИББ берган маълумотга кўра, тайинланган вақтда Амир Темур ҳайкали ёнида 150-200 га яқин киши тўпланган. Ушбу воқеага Ўзбекистонда қандай муносабат билдиришмоқда?
Комил Алламжонов
Миллий масс-медиани ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамоат фондининг васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов қонун аниқ ва ҳамма учун бир хил ишлаши кераклигини билдиради.
«Жамоатчилик тартибига ва одамларнинг соғлиғига таҳдид туғдирган ҳамда оммавий тадбирларни ўтказиш тартиби тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилишига олиб келган ёлғон маълумот тарқатилганини ҳисобга олган ҳолда блогер билан профилактика суҳбатини ўтказиш эмас, балки унинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш зарур. Ҳеч бир мамлакат ўз ҳудудидаги қонунчиликнинг, шу жумладан чет эл фуқароси томонидан бузилишига тоқат қилмаслиги ва бунинг устига уни иззат-икром билан кузатиб қўймаслиги керак».
Соғлиқни сақлаш вазирлиги
«Ижтимоий тармоқлар ва интернет сайтларида тарқалган ушбу тадбир акс этган видеотасвирлардан кўриш мумкинки, бу йиғинда иштирок этган ёшлар томонидан мамлакатимизда ўрнатилган ижтимоий масофа сақлаш, ниқоб тақиш каби карантин қоидаларига мутлақо риоя этилмаган», — дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги тарқатган хабарда.
Бу ҳолат коронавирус инфекциясининг янада кенг тарқалиши ва эпидемиологик вазият янада оғирлашишига олиб келиши мумкин. «Касалликнинг янги штаммлари тез юқиши, жадал ривожланиши ҳамда яширин равишда организмни кучли жароҳатлаши кузатилмоқда. Инсон ўз организмида кечаётган жараённи билмай қолиши ҳам мумкин».
Вазирлик барча фуқароларни карантин қоидалари ва чекловлари, санитария ва гигиена талабларига қатъий риоя этишга, оммавий тўпланмасликка чақирди. Шунингдек, ота-оналар ўз фарзандларига бу борада тегишли тушунтириш беришлари, кўпчилик тўпланадиган жойлардан узоқ бўлишларига эътибор қаратишлари сўралди.
«Зеро, биргина эътиборсизлик, лоқайдлик, ўзимиз ва яқинларимиз саломатлигини хавф остига қўйиши, COVID-19 инфекциясининг юртимиз аҳолиси орасида янада кенг тарқалиб кетишига сабаб бўлиши мумкин», — дейилади хабарда.
Шунингдек, ССВ Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига мувофиқ, эпидемияларга қарши курашиш қоидаларини бузиш тегишли тартибда жавобгарликка тортишга сабаб бўлишини ҳам эслатиб ўтди.
Алишер Қодиров
«Миллий тикланиш» сиёсий партиясининг етакчиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг депутати Алишер Қодиров россиялик блогернинг ҳаракатларини “провокация” деб атади.
«Бу “провокация”. Кимдир пул ваъда қилиб, қанча одам тўплаш мумкинлигини текшириб кўрган. Биз ҳам пул эвазига қанча одам давлат ҳақида, ор-номус ва қадр-қиммат ҳақида унутишини билиб олдик», – дейди у.
Алишер Қодиров “бундай ўйинлар ҳар доим бўлганини” таъкидлайди.
«Хулоса қилиш керак. Таълим тизими ақлли ва тарбияли ёшларни тайёрлаши лозим, акс ҳолда таҳдидлар ичкаридан чиқадиган бўладиган», – дея хулоса қилади у.
Шарҳлар