Россияда энага ўзбекистонлик болани полицияга топширган
Тошкент шаҳрида яшовчи В.Д. Болалар омбудсманига мурожаат қилиб, унинг 2022 йилда туғилган невараси З.Н. ҳозирда Россия Федерацияси Люберетский туманидаги васийлик органида 1 ойдан бери сақланаётганлиги, бунга сабаб, боланинг онаси З.А. болани энагага қолдирганлиги ва уни олиб кетмаганлиги учун энага полиция чақирган. Полиция эса болани васийлик органига топширганлигини билдирган.
Хабарга кўра, “В.Д. васийлик органи неварасини ташландиқ бола сифатида расмийлаштириб, унга янгидан исм-фамилия берилганидан хабар топган ва неварасининг Ўзбекистонга қайтарилишида амалий ёрдам сўраган”.
Ташқи ишлар вазирлигининг ўрганишига кўра, вояга етмаган Н.З. ҳеч бир ҳужжатларсиз вақтинчалик парвариш қилиш марказига олиб кетилган бўлиб, шу туфайли Россия томон боланинг онаси билан муносабатларини тасдиқлаш учун ДНК тестини тайинлаш орқали судда боланинг шахсини аниқлаш кераклигини маълум қилган.
Боланинг онаси З.А. қизи Н.З. билан оилавий муносабатларни расмий тасдиқлаш учун РФда тегишли тартибда судга ариза берган. Ўз ўрнида “Инсон” ижтимоий хизматлар маркази томонидан фуқаро В.Д. нинг набираси З.Н. ни унинг васийлигига ўтказиш учун зарур ҳужжатлар Россия Федерациясининг васийлик ва ҳомийлик органларига юборилган.
Ҳозирда Болалар омбудсмани, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ва Ички ишлар вазирлиги томонидан вояга етмаган З.Н. ни Россия Федерациясидан Ўзбекистонга қайтариш чоралари кўрилмоқда.
Улашиш:
Шарҳлар