Сайлов ва референдум ўтказиш тартибига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди
Демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилиш мақсадида парламент ҳамда сиёсий партияларнинг ролини кучайтиришга, сайлов ва референдум ўтказиш тартибини янада такомиллаштиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
Шу билан бирга парламент ҳамда маҳаллий вакиллик органларининг фаолиятида сиёсий партияларнинг ролини янада кенгайтириш, вакиллик органларига сайланган депутатлар ва сенаторларнинг парламент ҳамда маҳаллий вакиллик органлари фаолиятидаги масъулияти ва фаоллигини ошириш, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси фаолиятини такомиллаштириш ҳамда унинг самарадорлигини ошириш, сайлов комиссиялари тизимини мақбуллаштириш ва марказлашган сайлов органлари тизимини шакллантириш, уларнинг профессионал тайёргарлиги оширилишини таъминлаш зарурияти юзага келмоқда.
«Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни қабул қилинганлиги ҳам Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилишини талаб этмоқда», – дейилади хабарда.
Мазкур Конституциявий Қонун билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари сайловини аралаш сайлов тизими (мажоритар ва пропорционал) асосида ўтказишни, шунингдек сайлов органларининг марказлашган тизимини шакллантиришни, сайлов комиссиялари тизимини мақбуллаштиришни, Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси фаолиятини такомиллаштиришни ҳамда сиёсий партиялар томонидан депутатликка номзодлар кўрсатилаётганда аёллар сонининг энг кам миқдорини номзодлар умумий сонининг ўттиз фоизидан қирқ фоизига оширишни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.
Ушбу Конституциявий Қонун сиёсий партиялар ва депутатлар ўртасидаги алоқаларнинг мустаҳкамланишига, сиёсий партияларнинг мавқеи ҳамда сайлов органларининг профессионаллик даражаси янада ошишига хизмат қилади.
Шарҳлар