Расман: “Салимбой” таҳаллуси билан танилган Салим Абдувалиев 6 йилга қамалди

Салимбой кесилди
Фото: Jahongir Latipov / YouTube

2024 йил 19 март куни жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида С. Абдувалиев (1950 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, маълумоти олий, жамоатчилик асосида Миллий олимпия қўмитаси раиси ўринбосари ва Ўзбекистон спорт курашлари ассоциацияси раиси лавозимларида ишлаган, нафақахўр, муқаддам судланмаган) га оид жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича суд жараёни якунланиб, суд ҳукми эълон қилинди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судлари матбуот хизмати маълум қилди.

«Эълон қилинган суд ҳукмига мувофиқ С. Абдувалиев Жиноят кодексининг 246-моддаси (контрабанда) 1-қисми билан жиноий жавобгарликка тортиш муддати ўтиб кетганлиги сабабли жиноий жавобгарликдан озод этилиб, жиноят ишининг шу қисми Жиноят-процессуал кодексининг 84-моддаси (айблилик тўғрисидаги масалани ҳал қилмай туриб жиноят ишини тугатиш учун асослар) 1-қисми 1-бандига асосан тугатилди», – дейилади хабарда.

С.Абдувалиев Жиноят кодексининг 248-моддаси (ўқотар қуролнинг, ўқ-дориларнинг, ўқотар қурол асосий қисмларининг, портловчи моддаларнинг, портлатиш воситаларининг ёки портлатиш қурилмаларининг қонунга хилоф муомаласи) 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбдор, деб топилиб, унга 6 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Тайинланган жазони умумий тартибли колонияда ўтаттирилиш белгиланди.

Биринчи инстанция судининг ҳукми устидан тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Тошкент шаҳар судига шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақлилиги маълум қилинади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.