Самарқанд йўлларида жамоат транспорти учун алоҳида линия ташкил қилинади
Президент Шавкат Мирзиёев 29 апрель куни Самарқанд шаҳрида транспорт тизимини ривожлантириш бўйича режалар тақдимоти билан танишди. Жамоат транспорти тармоғи магистрал, етказиб берувчи ва ички йўналишларга ажратиш кўзда тутилган. Ҳозиргига қўшимча 40 та янги йўналиш, хусусан, аэропорт, вокзал ва тарихий марказларни боғлайдиган 5 та экспресс йўналиш ташкил этилади.
Автобуслар катта сиғимлисига алмаштирилиб, марказий кўчаларда уларнинг ҳаракати учун алоҳида йўлак ажратилади. 2022 йилда 80 та, 2023 йилда 100 та электробус олиб келинади. Бекатлар сони кўпайтирилади. Самарқанд шаҳар ҳокимлиги таркибида Транспорт бўлими ташкил этилади. 1 июлдан бошлаб, Самарқанд вилояти бюджетидан шаҳар транспортига субсидия ажратиш йўлга қўйилади.
«Ҳаёт тезлашди, одамларнинг фаоллиги ошди. Лекин жамоат транспорти аввалгидай турибди. Йўлни кенгайтириш билан тирбандлик муаммосини ҳал этиб бўлмайди. Жамоат транспортига устунлик бериш керак. Дунё тажрибасига қаранглар. “Ақлли светофор”лар ўрнатиб, йўл ҳаракатини онлайн бошқариб, кўчаларнинг ўтказувчанлигини ошириш зарур. Келгусида ҳамма шаҳарларимизда шундай қиламиз. Самарқанд бунда андоза бўлиши керак», – деди президент.
Пастдарғом ва Булунғур туманларини Самарқанд шаҳри билан боғлайдиган электропоезд қатновини йўлга қўйиш таклифи билдирилди.
Бу йил Самарқанд шаҳрида 160 километр йўл таъмирланади, 5 та йўл ўтказгич қурилиши бошланади. 102 та янги бекат ташкил қилиниб, мавжудлари тартибга келтирилади.
«Биз кўп йўл қурдик, лекин унинг эксплуатацияси билан айтарли шуғулланилмади. Йўлларнинг баланси, фойдаланиш муддатининг таҳлили йўқ. Сарфланаётган маблағ мақсадли эмас. Баъзан йўл устига яна йўл қурилади. Шунинг учун қаерга йўл қуриш, қайсини таъмирлашни Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати айтиши керак. Чунки кўчалардаги тирбандлик, хавфсизлик шунга боғлиқ», – деди Шавкат Мирзиёев.
Шарҳлар