Самарқанд ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг 22-мажлиси тадбирларига мезбонлик қилади
15-16 сентябрь кунлари Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг 22-мажлиси тадбирлари бўлиб ўтади. Бу хақда Президент матбуот хизмати хабар бермоқда.
Саммит ишида ШҲТга аъзо мамлакатлар – Покистон Ислом Республикаси, Россия Федерацияси, Тожикистон Республикаси, Хитой Халқ Республикаси, Ўзбекистон Республикаси, Қирғиз Республикаси, Қозоғистон Республикаси, Ҳиндистон Республикаси, шунингдек, ташкилот ҳузуридаги кузатувчи давлатлар – Беларусь Республикаси, Мўғулистон ва Эрон Ислом Республикаси етакчилари иштирок этади.
Фахрий меҳмон сифатида Туркия Республикаси, Озарбайжон Республикаси, Туркманистон ва Арманистон Республикаси, шунингдек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, бошқа нуфузли халқаро ва минтақавий ташкилотлар раҳбарлари таклиф этилган.
Самарқанд саммитининг кун тартибига мувофиқ кўп томонлама ҳамкорликни янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари, ШҲТни ривожлантиришнинг амалий жиҳатлари ва устувор вазифалари кўриб чиқилади. Халқаро ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар юзасидан фикр алмашилади.
Якунда ташкилот фаолиятини кенгайтириш ва устувор соҳалардаги минтақавий ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган салмоқли ҳужжатлар тўпламининг имзоланиши кутилмоқда.
Таъкидлаш жоизки, бўлажак мажлис ШҲТ етакчиларининг 2020 йилда коронавирус пандемияси бошланганидан сўнг ўтган охирги уч йилда биринчи юзма-юз учрашуви бўлади.
Шунингдек, саммит Ўзбекистон Республикасининг ШҲТдаги раислигига якун ясайди. Ўтган даврда 80 дан ортиқ йирик тадбир ўтказилган.
Шарҳлар