Самарқанд туманида йўлни ёпиб қўйгани учун 13 киши жавобгарликка тортилди
Самарқанд туманида М37 Самарқанд–Бухоро–Туркманбоши халқаро автомобиль йўлининг «Самарқанд автомобиль ҳалқа йўли» қисмида йўлни тўсиб қўйган ва унда транспорт воситаларининг ҳаракатланишига тўсқинлик қилган бир гуруҳ аёллар жавобгарликка тортилди, деб ёзади Kun.uz нашри.
Вилоят ИИБ ахборот хизматининг маълум қилишича, 2021 йил 26 сентябрь куни соат 12:10 ларда, Самарқанд тумани Янгиариқ-1 маҳалласи Чунгул кўчасида яшовчи 13 нафар фуқаро маҳалла хонадонларида табиий газ йўқлигидан норозилик билдириб, М37 Самарқанд–Бухоро–Туркманбоши халқаро автомобиль йўлининг «Самарқанд автомобиль ҳалқа йўли» қисми 8-километрида йўлни тўсиб қўйган ва унда транспорт воситаларининг ҳаракатланишига тўсқинлик қилган.
Қайд этилишича, мазкур фуқаролар Самарқанд тумани ҳокимияти биносига олиб келиниб, туман ҳокими, вилоят ва туман ИИБ раҳбарияти ҳамда мутасадди ташкилот ходимлари томонидан тушунтириш ишлари олиб борилган.
Сўнг ҳолат юзасидан Самарқанд тумани ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилиб, тўпланган ҳужжатлар мазмунан кўриб чиқиш учун Жиноят ишлари бўйича Самарқанд тумани судига юборилган.
Жиноят ишлари бўйича Самарқанд тумани судининг 27 сентябрь кунидаги қарори билан йўл тўсишда қатнашган 13 нафар шахс МЖТКнинг 183-моддаси (майда безорилик) ҳамда 201-моддасида (йиғилишлар, митинглар, кўча юришлари ёки намойишлар уюштириш, ўтказиш тартибини бузиш) назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбли деб топилиб, маъмурий жавобгарликка тортилган. Жумладан, ҳуқуқбузарликнинг икки нафар ташкилотчисига 5 суткадан маъмурий қамоқ жазоси, қолган 11 нафар ҳуқуқбузарга жарима жазоси тайинланган.
Дастлабки суриштирувда аниқланишича, Янгиариқ-1 маҳалласи 2015 йилда Вазирлар Маҳкамаси қарори асосида табиий газ тармоғидан узилиб, суюлтирилган газ баллонлари ёқишга ўтказилган. Ушбу маҳаллага охирги марта Самарқанд тумани газ таъминоти бўлими томонидан жорий йил 29 июль куни суюлтирилган газ баллонлари тарқатилган.
Шарҳлар