Самарқанд вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси Captiva автомобилини сотиб олмоқчи эди. Бошқарма раҳбари англашилмовчилик юз берганини билдирмоқда

Источник: UzAuto Motors

Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига Captiva 5 харид қилиш бўйича имзоланган хат сурати тарқалди. Бошқарма бундай автомобиль сотиб олинмаслигини маълум қилди, деб ёзади Kun.uz.

Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан 2021 йил 4 ноябр санаси билан имзоланган хатда хорижий меҳмонларга қулай шароит яратиш мақсадида бюджетдан ташқари маблағлар ҳисобидан Captiva-5 автомобилини харид қилиш назарда тутилган.

Айни вақтда Captiva 5T Premier нархи 309 млн 900 минг сўмни ва Captiva 5 LT нархи 281 млн 500 минг сўмни ташкил этади.

апрел ойидаги ҳукумат қарорига асосан, давлат бошқаруви органларининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар бўлинмалари раҳбарлари учун сотиб олинадиган автомобилларнинг энг юқори нархи БҲМнинг 700 баравари деб белгиланган. Бу – ҳозирги вақтда 189 млн сўмни ташкил этади. Шунга кўра, соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан Captiva 5’нинг исталган турини харид қилиш ҳукумат қарорига зид ҳисобланади.

Самарқанд вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Давронбек Жуманиёзовнинг Kun.uz нашрига маълум қилишича, ҳолат бўйича англашилмовчилик юз берган, яъни бошқармада Captiva 5 харид қилиш нияти бўлмаган. У бензин ташувчи автомобил ва музлаткичли автомобилни назарда тутган ҳолда ходимларига бошқарма эҳтиёжи учун каттароқ автомобил олиш кераклигини билдирганини, бироқ ходимлар нотўғри тушуниб, Captiva 5 харид қилиш бўйича хат расмийлаштиришгани ва уни ўринбосари имзолаб юборганини қўшимча қилди.

Унинг сўзларига кўра, бошқарма томонидан ҳеч қандай Captiva 5 сотиб олинмаган. “Бунга эҳтиёжимиз ҳам йўқ. Айни вақтда хизмат учун «Tracker» автомобилидан фойдаланиб келамиз”, – дейди Давронбек Жуманиёзов.

«Ушбу хат хизмат сафаридалигимда имзолаб юборилган. Воқеадан хабар топишим билан дарҳол хатни бекор қилдирдим. Хатнинг расмийлаштирилиши ҳам нотўғри бўлган. Бошқарма бирор автомобил харид қилмоқчи бўлса, бунинг учун бошқарма бошлиғи эмас, соғлиқни сақлаш вазири ёки вилоят ҳокимининг рухсати олинади», – дея қайд этади бошқарма бошлиғи.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.