Bo'limsiz

Самарқанд вилоятида 45 ёшли эркак 10 ёшли жияни билан ахлоқсиз ҳаракатларни содир этганликда гумон қилинмоқда

Источник: rawpixel.com

Nemolchi.uz таҳририятига Самарқанд вилояти туманларидан бирида 2013 йилда туғилган қиз бола амакиси томонидан 2022 йил февралидан 2023 йил июнигача зўравонликка учрагани ҳақида маълум бўлди. Тергов материалларига кўра, 1978 йилда туғилган Н.Т. қизга нисбатан куч ишлатиб ва қўрқитиб ўзининг жинсий аъзоларини кўрсатган, уни ечинтирган ва жинсий алоқа қилишга ундаган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 129-моддаси 3-қисми “14 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш” (зўрлик ишлатиб ёки қўрқитиб) билан жиноят иши қўзғатилган. Бу 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. Ҳозирда эркак ҳибсга олинган.

Nemolchi.uz таҳририяти Бош прокуратурага мурожаат қилиб, ушбу ишни назоратга олиш ва барча ҳолатларни текширишни сўраган.

“Эркак қизчани “жинсий алоқага ундаган”лигини ҳисобга олсак, унинг қилмиши Жиноят кодексининг 119-моддаси 4-қисми “Жинсий эҳтиёжни зўрлик ишлатиб  ғайритабиий усулда қондириш” (14 ёшга тўлмаган шахсга нисбатан) билан ҳам квалификация қилиниши мумкин. Олий суд пленуми қарорининг 8-бандига мувофиқ бундай ҳолларда: “<…> жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш, тегишли жиноятнинг содир этилган оқибати ва оқибатларидан қатъи назар, жинсий эҳтиёжни қондиришга қаратилган ҳаракатлар <…> бошланган пайтдан бошлаб тугалланган деб ҳисобланади”.

Таҳририят қизнинг узоқ вақт зўравонликка учрагани ва унга ҳеч бўлмаганда психологик ёрдам кераклигига эътибор қаратмоқда.

“Умид қиламизки, давлат бу борада ғамхўрлик қилади”, — дея хулоса қилади Nemolchi.uz.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.