Самарқандда бир кишига тегишли компаниялар қатнашган тендер бекор қилинди

Источник: Яндекс.Карты

Самарқанд вилояти кардиология диспансери томонидан 9 январь куни муассасага 2 та ультратовушли асбоб сотиб олиш бўйича тендер эълон қилинганди. Daryo нашрининг кузатувига кўра, тендерда иштирок этган иккита тадбиркорлик субъекти бир одамга тегишли экани маълум бўлган.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги мазкур мақола юзасидан муносабат билдирди. Аниқланишича, тиббиёт марказининг вилоят филиали харид комиссиясининг 2023 йил 17 январдаги баённомаси билан “Tib Dunyosi” МЧЖ танлов ғолиби, “Turhan Islam” МЧЖ эса захирадаги ғолиб деб топилган.

Ўрганишда мазкур икки жамият бир шахсга тегишли эканлиги, бироқ харид комиссияси томонидан ўзаро аффилланган иштирокчилар харид жараёнидан четлатилмасдан “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонуннинг 42-моддаси талаблари қўпол равишда бузилганлиги аниқланган.

Шу ва бошқа қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан 17 январь куни (баённома тасдиқланган куннинг ўзида) Соғлиқни сақлаш вазирлигига ушбу танлов юзасидан харид комиссияси баённомасини бекор қилиш бўйича тақдимнома киритилган. Бундан ташқари, шу куннинг ўзида қонун бузилиши ҳолатларига ҳуқуқий баҳо бериш учун тўпланган ҳужжатлар Бош прокуратурага юборилган.

Бу компаниялар ҳақида нималар маълум

Turhan Islam” компанияси юридик шахслар реестрига кўра, Бухоро шаҳрида рўйхатдан ўтган. Устав жамғармаси – 10 млн сўм, асосий фаолият тури – улгуржи ихтисослаштирилмаган савдо. Таъсисчиси – Бобомуродов Ислом Мамадалиевич (100%).

Бобомуродов шунингдек “Tib Dunyosi” (60%) компаниясининг ҳам асосчиси ҳисобланади, қолган 40% Шамуродов Илҳом Исмоиловичга тегишли. Устав жамғармаси –  10 миллион сўм бўлиб, корхона фаолиятининг асосий йўналиши – фармацевтика маҳсулотларининг улгуржи савдоси, Самарқанд шаҳрида рўйхатдан ўтган.

Компанияларнинг алоқа рақамлари ҳам бир хил.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.