Самарқандда бир нечта мансабдор қўлга олинган бўлиши мумкин
ДХХ Самарқанд вилояти бошқармаси ҳамда бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида бир нечта қабиҳ ишга қўл урган давлат хизматчилари қўлга олинганлиги тўғрисида хабарлар тарқалмоқда.
Унга кўра, 1987 йилда туғилган, Самарқанд туманида яшовчи, “Самарқанд сув таъминоти” МЧЖ Самарқанд шаҳар филиали раҳбари Ж.З. кўп миқдордаги пул маблағларини ўзлаштириш йўли билан талон-тарож қилган бўлиши мумкин.
Шунингдек, 1966 йилда Ургут туманида туғилган, “Ҳудудгаз Самарқанд” ГТФ метрология хизмати бошлиғи Р.Ж. ўз мансаб ваколатларидан фойдаланиб, Нарпай туманида жойлашган “Карим қурилиш савдо” ХКнинг норасмий раҳбари О.А. ва унинг жиноий алоқалари томонидан ўғирланган табиий газ ҳисобини яшириш мақсадида, етказиб берилган ва истеъмол қилинган табиий газ ҳисоб-китобларини мунтазам ўзгартириб келган бўлиши мумкин.
Юқоридаги ҳолатга кўмаклашишда гумон қилинаётган 1982 йилда Нарпай туманида туғилган, “Ҳудудгаз Самарқанд” “Нарпайтумангаз” газ таъминоти бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган З.А. ҳам Нарпай туманида жойлашган “Карим қурилиш савдо” ХКнинг норасмий раҳбари О.А. ва унинг жиноий алоқаларининг ноқонуний фаолиятига амалий ёрдам бериб, амалга ошириладиган текширув тадбирлари хусусида олдиндан хабардор қилиб келган.
Яна бир ҳолатда эса 1987 йилда Қашқадарё вилоятида туғилган, “АТ “Халқ банки” Самарқанд филиалида Чакана бўлим бошлиғи лавозимида ишлаган Ш.Ю. ўз мансаб ваколатидан фойдаланган ҳолда ўзининг номидаги банк пластик картасига ноқонуний равишда 631 млн. сўм кирим қилиб, ушбу маблағнинг барчасини “1 ХВЕТ” қимор ўйинига тикиб, ютқазиб қўйган бўлиши мумкинлиги айтилмоқда.
Юқоридагилар юзасидан Anhor.uz ҳуқуқ тартибот идораларидаги ишончли манбаалари билан боғланди. Аниқ маълумотлар йўқ.
Тасдиқланган ва асосли маълумотларни кутиб қоламиз.
Шарҳлар