Самарқандда итни машинага боғлаб, судраган шахс жаримага тортилди
Ижтимоий тармоқларда итнинг ҳаракатланаётган машинага боғлаб судралётгани акс этган видео тарқалди.
Экологлар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари ҳуқуқбузарни 29 ёшли маҳаллий фуқаро эканлигини аниқлади.
Мазкур шахсга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 111-моддаси (ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш) билан маъмурий баённома тузилиб, 3 БРВ (1 миллион 20 минг сўм) миқдорида жарима солинган.
Маълумот учун: 111-модда Ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш ҳайвонларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш, яъни уларни ғаразли ёки бошқа паст ниятларда қийноққа солиш ёки уларга азоб бериш, — базавий ҳисоблаш миқдорининг уч бараваридан беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.
Худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса ёхуд ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик вояга етмаган шахс ҳозирлигида содир этилган бўлса ёки ҳайвонларнинг ўлимига ёхуд майиб бўлишига олиб келса, — базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.
Шарҳлар