Самарқандда қурилиш меъёрлари бузилгани сабабли қурилаётган мактаб деворлари қулаб тушди

Фото: кадр видео

Самарқанднинг Қорасув массивида 1800 ўринли қурилаётган мактаб деворлари атайлаб қулатилди. Бу ҳақда Самарқанд вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасидаги назорат инспекцияси хабар беради.

Бино қурилиши учун масъул бўлган Me’mor Complex компанияси қурилиш меъёрларининг бир қатор жиддий бузилишларига йўл қўйган. Бинонинг иккинчи қаватида ғишт терими чоклари қоришма билан тўлдирилмаган бўлиб, бу конструкция мустаҳкамлигини сезиларли даражада заифлаштирган. Бундан ташқари, ёпма плиталари нотўғри ўрнатилган, қурилиш ишларини ташкил этиш лойиҳаси мавжуд бўлмаган, фойдаланилган материаллар зарур сертификатларга эга бўлмаган ва нотўғри сақланган.

“Бу қоидабузарликларнинг асосий сабаби – буюртмачи томонидан техник назоратнинг ва лойиҳаловчи томонидан муаллифлик назоратининг ўз вақтида амалга оширилмаганлигидир”, – дея вазиятга шарҳ беради инспекция вакили Сарвар Бобоназаров.

Қурилиш компаниясига қоидабузарликларни бартараф этиш учун мажбурий кўрсатмалар берилган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.