Самарқандда жамоат транспортининг такрорланувчи йўналишлари тугатилмоқда
Вилоят транспорт бошқармаси бўлим бошлиғи Маҳмуд Узоқовнинг айтишича, “Самарқанд шаҳрининг янги агломерацияси бўйича ишлаб чиқилган транспорт ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш бош режаси ва уни амалга ошириш бўйича манзилли дастур” асосида такрорланувчи йўналишларга барҳам бериш мақсадида янги йўналишлар тармоғи шакллантирилган.
Хабарга кўра, 2024 йил 1 январдан бошлаб автобус ҳайдовчиларидан кунлик тушум талаб қилинмайди. Чунки барча жамоат транспортлари брутто–шартнома асосида ишлаш тизимига ўтади. Яъни, босиб ўтилган масофа ва йўловчиларга сифатли хизмат кўрсатилгани учун тўлов тизими йўлга қўйилади.
Вилоят иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси ҳузурида брутто-шартномага ўтган ташувчилар томонидан йўналиш кўрсаткичлари бажарилишини мониторинг қилувчи ва баҳоловчи тизим жорий этилди. Ўнта магистрал ва 33 та етказиб берувчи йўналишларни босқичма-босқич брутто-шартномага ўтказиш графиги ишлаб чиқилди.
«Шунга кўра, янги ташкил этилган “Йўловчи ташишни мониторинг ва назорат қилиш” маркази мазкур йўналишларни мониторинг қилиш, иш ҳажмини аниқлаб, баҳолаш, йўлкиралар ва хизматлар сифатини назорат қилиб боради. Бунда ҳаракат таркиби, иш жадвалига тўлиқ амал қилиш, оралиқ интервалга амал қилиниши, йўналиш чизмаси асосида ҳаракатланиши, ортиқча тўхталишларсиз хизмат кўрсатиш каби ҳолатлар назоратга олинади. Шунингдек, марказ тавсияси асосида йўловчи ташувчи корхоналарга жарима баллари ёки рағбатлантириш чоралари кўриб борилади», – дейилади хабарда.
Шарҳлар