Орқага йўл йўқ. Ўзбекистонда сўз эркинлиги ҳақида

Орқага йўл йўқ. Ўзбекистонда сўз эркинлиги ҳақида

Рим бир кунда қурилмаган, Гарри Поттернинг сеҳрли таёқчаси ҳам йўқ, шу боис Ўзбекистонда сўз эркинлиги билан боғлиқ вазиятни бир лаҳзада ўзгартиришнинг имкони йўқ… Самарқандда ЕХҲТ элчилари иштирокида бўлиб ўтган давра суҳбати давомида янграган ушбу жумлаларни журналистлар ва блогерлар бир зумда иқтибослар ва мемларга айлантириб юборди.

11 октябрь куни Самарқандда муҳим воқеа – ЕХҲТ га аъзо давлатларнинг доимий вакиллари иштирокида “Ўзбекистонда сўз эркинлигини таъминлаш масалалари” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. ЕХҲТ ҳузуридаги йигирма бир нафар вакилдан иборат гуруҳ мазкур ташкилотнинг Тожикистон, Қозоғистон ва Ўзбекистон билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш борасидаги ўзининг қатъий кўмагини тасдиқлаш мақсадида бирма-бир ушбу мамлакатларда бўлди. ЕХҲТ элчиларининг Самарқанддаги  учрашуви Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг ташаббуси билан ташкил қилиниб, делегация ташрифининг иккинчи кунида, парламент аъзолари ва ноҳукумат ташкилотларининг вакиллари билан учрашувдан кейин ўтказилди.
 
ЕХҲТнинг Ўзбекистонда сўз эркинлиги билан нима иши бор? – деб сўрайдиганлар учун кичикроқ маълумот бериб ўтамиз. Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти умумий хавфсизликка таъсир кўрсатувчи масалалар билан шуғулланади, уларнинг орасида оммавий  ахборот воситаларининг эркинлиги ҳам бор. ЕХҲТ ўзига аъзо давлатлардаги ОАВнинг аҳволини кузатади, ушбу давлатлар ўз фикрини ифодалаш эркинлиги ва ОАВ эркинлигини қўллаб-қувватлаш бўйича ўз зиммаларига олган мажбуриятларни бажариши учун уларга мунтазам равишда ёрдам бериб туради. Ўзбекистон эса ЕХҲТга 1992 йилда аъзо бўлган.  

Учрашувни очиб берган АОКА директори Комилжон Алламжоновнинг маърузаси бир соатдан сўнг ОАВ ва ижтимоий тармоқларда иқтибослар ва мемларга айланиб кетди. Алламжонов ўз нутқида Агентлик  ОАВ фаолиятини тартибга солувчи қонунларни қайта кўриб чиқиш даражасида ҳам, хусусий вазиятларга аралашиш даражасида ҳам журналистларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун бор кучини сарфлаётганини таъкидлади.
 
«Кўп йиллар давомида маҳаллий ОАВ ҳокимиятни кўкларга кўтариш машинаси бўлиб хизмат қилди. Ҳақиқатни гапирганларнинг оғзи ёпилди ёки хорижий давлатларнинг манфаатлари йўлида ёлғон гапиришда айбланди…», – деди Алламжонов.
 
Бу Ўзбекистондаги кўп йиллик цензура ҳамда журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячиларига нисбатан репрессияларнинг омма олдида илк эътироф этилиши бўлди. “Ўзбек матбуоти бир кунда қурилмаган Римга ўхшайди, у ҳақиқий тўртинчи ҳокимиятга айланиши учун яна вақт керак”, – таъкидлади Алламжонов.  
 
АОКА директорининг ўринбосари Саида Мирзиёева эса ўз нутқида очиқлик сиёсати, давлат ташкилотлари фаолияти шаффоф бўлиши зарурлиги ва  журналистларни ахборот олиш ҳуқуқида қўллаб-қувватлашга тайёрлик ҳақида, шунингдек агентлик ҳузурида ижроия ҳокимияти органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолиятида адолат ва журналистлар манфаатларига амал қилинишини назорат қиладиган омбудсмен институтини яратиш тўғрисида гапирди.
 
Ахборот олиш – бу Ўзбекистон журналистларининг асосий муаммоларидан бири. Беш йил аввал матбуот хизматларининг фаолиятини тартибга солувчи “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида” қонун қабул қилинган эди. Қабул қилинган Президент Қарори туфайли ушбу қонун бугун яна “жонланди”, аммо ҳамон кўнгилдагидай эмас.

Ҳар куни Anhor.uz таҳририяти давлат органларига сўровлар юборади, аммо тескари алоқа турли тўсиқларга дуч келмоқда. Масалан, журналистик суриштирув доирасида пойтахт ҳокимиятига хўжалик юритувчи субъектлардан бирининг фаолияти қонуний ёки қонуний эмаслиги ҳақида юборилган сўров унинг раҳбарига қайта жўнатиб юборилди. Журналистлар ва блогерлар ҳамон ўз фаолиятида давлат органлари, хусусий шахслар ва ҳатто ОАВ таъсисчиларининг тазйиқини ҳис қилмоқда. Бу айниқса, ҳудудий журналистларга тааллуқли. Давра суҳбати чоғида самарқандлик журналист ўз фаолияти туфайли кўп ҳолларда ўзи ва оиласи босим ва таҳдид объектига айланаётганини гапириб берди.    
 
«Журналистлар ва блогерлар учун агентлик эшиклари доим очиқ, агар фаолиятингиз адолатли ва қонун доирасида бўлса, биз ҳимоянгиз учун қўлимиздан келганича ёрдам беришга тайёрмиз», – деди Алламжонов. “Журналистлар ва блогерлар ўз ҳуқуқлари, ахлоқий нормаларини аниқ билган ҳолда, сифатли журналистика мезонларига амал қилиб ва фикрларни факт сифатида кўрсатмасдан ўз фаолиятини олиб бориши жуда муҳим”, –  деди Комилжон Алламжонов Anhor.uz мухбири билан суҳбатда.
 
Яна давра суҳбатининг аҳамиятига қайтамиз. Менинг ҳамкасбим, Insider.uz каналининг муаллифи шундай деб ёзади: “Бугун конференцияда самарқандлик журналист ўз фаолиятида дуч келаётган таҳдидлар ҳақида гапирди ва “тўғридан-тўғри” эфирда АОКАдан ҳимоя сўради. Яъни журналистларни конференция учун махсус танлаб олишмаган, қалами ўткир, ижтимоий мавзуларда ёзадиган журналистларни таклиф қилишган. Бу ҳам камдан-кам учрайдиган ҳолат”.
 
Ушбу сатрлар муаллифи ЕХҲТ томонидан ташкил қилинган сўз эркинлиги бўйича кўплаб тадбирларда қатнашган. Анжуманларнинг ҳаммаси, 2017 йилги Тошкент конференциясидан ташқари, Ўзбекистондан ташқарида ўтказилган бўлиб, улар ҳар доим Марказий Осиёдаги сўз эркинлиги билан боғлиқ вазият ҳақидаги қизғин баҳс-мунозаралардан иборат бўларди. Мунозараларда журналистлар ва ҳуқуқ ҳимоячилари қатнашар, ўзбекистонлик амалдорлар эса кўп ҳолларда ОАВ ривожланиши ҳақидаги стандарт маърузалар ва олдиндан тайёрлаб қўйилган нейтрал ёки ёлғон жавоблар билан чекланарди, холос. Марказий Осиёда ҳар йили ўтказиладиган медиа бўйича конференциялар навбатма-навбат МО мамлакатларидан бирида бўлиб ўтарди. Ўзбекистон конференцияни 2017 йилда қабул қилди. Бу сафар ЕХҲТ элчилари иштирокида Ўзбекистонда медиа ривожланиши мавзусидаги давра суҳбатининг ўтказилиши ҳокимият намойиш этаётган позициядан яққол далолат беради.

«Ўзбекистон очиқлик йўлини танлади. Орқага йўл йўқ», – АОКА директорининг ўринбосари Саида Мирзиёева ўз нутқига шу сўзлар билан якун ясади.
 
Бунга ишонамиз.
 
Лола Исламова

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.