Футбол бўйича жаҳон чемпионати саралашида Ўзбекистон Қирғизистон билан ўйнайди
Ўзбекистон миллий терма жамоаси футбол бўйича Жаҳон чемпионатининг 3-саралаш босқичида иккинчи учрашувини сафарда Қирғизистон термасига қарши ўтказади, деб хабар бермоқда ЎзА. Ўйин бугун, 10 сентябрь куни Тошкент вақти билан соат 19:00 да Бишкек шаҳридаги «Долен Омурзаков» стадионида старт олади.
Мазкур учрашувда қувайтлик Аҳмад ал-Али Бош ҳакам сифатида фаолият кўрсатади. Унга қанотларда ҳамюртлари Абдулҳади ал-Анези ва Аҳмад Аббос ёрдам беради. 4-расмий ҳакам сифатида эса Аммар Ашканони ишлайди. Вакилларимиз ушбу баҳсда тўлиқ кўк либосда, дарвозабонимиз эса яшил либосда ҳаракат қилса, рақиб жамоа оқ рангли либосда майдонга тушади.
Таъкидланишича, футболчиларимиз Қирғизистон термаси билан бугунга қадар 10 маротаба баҳс олиб борган ва уларнинг барчасида йирик ҳисобда зафар қучган. Терма жамоамиз биринчи бор 1992 йилда 3:0 ҳисобида ғалаба қозонган бўлса, 2023 йил БААда бўлиб ўтган сўнгги ўйинда 4:1 ҳисобида ғолиб бўлган. Ўтказилган беллашувлардаги тўплар нисбати 40:5 кўринишини олган.
Осиё қитъаси учун Жаҳон чемпионатининг 3-саралаш босқичи илк туридан сўнг, БАА, Эрон ва Ўзбекистон терма жамоалари «А» гуруҳида 3 очко тўплаган ҳолда пешқадамлик қилмоқда.
Бугун мазкур гуруҳда иккинчи тур учрашувлари доирасида Эрон – БАА, КХДР – Қатар терма жамоалари ўртасида ўйин бўлиб ўтади. Агарда Ўзбекистон бу турда йирик ҳисобда ғалаба қозонса, гуруҳ пешқадамига айланиши мумкин. Унинг учун Эрон ва БАА учрашувида икки жамоадан бири кичик ҳисобда ғалаба ёки дуранг қайд этиши керак.
Шарҳлар