Сардоба бозоридаги контрабанда тамакининг яширин сотувчилари
Тамаки маҳсулотлари аксиз солиғига тортиладиган товарлар сирасига киради ва улар аксиз маркалари билан жиҳозланган бўлиши керак. Агар мамлакат ҳудудида савдода аксиз маркаси йўқ тамаки маҳсулотини кўрдингизми, демак, у ноқонуний йўллар билан кириб келгани аниқ. Aйтиш керакки, чегарадаги божхона постларидан бу каби товарларни ноқонуний олиб ўтиш деярли имконсиз. Бундай маҳсулотлар асосан, чегарадош ҳудудларга, божхона назорати ўрнатилмаган айланма йўллар орқали олиб кириляпти.
Масаланинг ечими эса уларни ушлаш ёки товарини мусодара қилиш билан битмайди. Шу ҳолатга сабаб бўлаётган омиллар бартараф этилса, қонунбузарликлар кескин камаяди. Aлбатта, буни божхона тариф сиёсати билан ҳам боғлиқлигини инобатга олиш лозим.
Anhor.uz журналисти март ойида Наманган вилоятида сафарда бўлиб, у ердаги вазият, бозор ва савдо расталарида ноқонуний йўллар билан олиб кирилиб эркин муомалада сотилаётган тамаки маҳсулотларининг савдосини ўрганган эди. Бир ойдан ортиқроқ вақт ўтиб яна ушбу вилоятга келдик.
Сардоба бозори вилоят марказида жойлашган. Эсингизда бўлса аввалги материалимизда ушбу бозор қўриқчилари ва ноқонуний сигарет сотувчилари журналистимизнинг касбий фаолият олиб боришига қаршилик кўрсатиб, телефон аппаратига туширилган фото ва видео тасвирларни ўчиришга эришишганди. Бу гал ҳам ушбу бозорни тасвирга туширишда анча қийинчиликлрага учрадик. Давлат солиқ инспекцияси Намманган шаҳар бўлими ҳодимлари борлиги сабабли бозор ҳудуди ва атрофини тасвирга тушира олдик, бозор назоратчилари Солиқ идораси ҳодимлари бўлишига қарамай, камера билан бозор ичига киришимизга ўз қаршиликларини кўрсатишди.
Бироз вақт ўтгач, яна бир бор бозор ҳудудида бўлдик. Камерасиз, телефон овоз ёзиш дастури ёрдамида айнан, контрабанда ва контрафакт махсулотлари бўлган тамаки савдоси билан шуғилланувчи бозор ҳудудидаги дўконга ҳаридор сифатида кириб сотувчи билан суҳбатлашишга эришдик.
Дастлаб харидорлигимизга бироз шубха билан қараган сотувчи саволларимизга жавоб тақдим этишни бошлади.
Наманган вилоят солиқ бошқармаси катта инспектори Сайёд Олимжонов биз билан суҳбатда “Солиқ ҳамкори” тизими орқали 2022 йилда 7 та, жорий йилнинг шу даврида эса 4 та мурожаат келиб тушганлигини билдириб, мурожаатчилар тегишли тартибда рағбатлантирилганлигини айтиб ўтди.
Шунингдек, солиқ идораларининг ўзи ҳам тамаки маҳсулотларининг ноқонуний савдосига қарши курашда четда тургани йўқлигини маълум қилган. Жумладан, 2022 йилда ўтказилган назорат тадбирлари давомида 41 та ҳолатда 80 миллион сўмлик, жорий йилнинг шу давридаги тадбирлар давомида эса 37 та ҳолатда 110 миллион сўмлик тамаки маҳсулотларининг ноқонуний айланмасига чек қўйилган.
Ҳукуматнинг 2021 йил 7 январдаги қарорига асосан, сайёр солиқ текширувларини ўтказиш тўғрисидаги низом тасдиқланган. Унга мувофиқ, сайёр солиқ текшируви ўтказиш тартиби белгиланган, юқоридаги тадбирлар ана шулардан келиб чиққан ҳолда амалга оширилган.
Биз намангандаги Сардоба бозорида амалга оширган журналистик суриштирувдан сўнг, яна бир бор жараёнга аниқлик киритиш мақсадида Наманган шаҳар давлат солиқ инспекциясига ахборот сўрови юбордик. Бунга сабаб, шаҳар марказида, шундоққина Солиқ идорасининг рўпарасида Сардоба бозорида контрабанда ва контрафакт махсулотларининг эркин тарзда сотилаётганлиги бўлди.
Сўровга жавобан, биз ахборот сўровида кўрсатиб ўтган ва ўрганган Сардоба бозори 6 дўконида “Наманган шаҳар, “Сардоба” бозори ҳудудидаги 6-савдо дўконида фаолият кўрсатувчи “ФАРОВОН СОҲИЛ ПЛУС” МЧЖга қарашли савдо тармоғида Наманган шаҳар солиқ инспекциясининг ходимлари томонидан “Сайёр солиқ текширувлари” ўтказилганлиги, текширув давомида акциз маркалари билан маркаланмаган тамаки маҳсулотлари сотилганлиги, онлайн-НКМ чеки берилмаганлиги ва бошқа камчиликлар аниқланиб маъмурий баённома ва далолатномалар тузилганлиги ва текширув натижасига кўра жами 116088566 сўм жарима қўлланилганлиги ҳақида ахборот берилган.
Жавоб хатига илова тарзида олиб борилган суриштирув ишларига оид фото лавҳаларни ҳам илова тариқасида тақдим этилган.
Шунингдек, вилоятнинг айрим туман ва шаҳар марказларидаги кичик савдо шаҳобчаларини ҳам кўздан кечирдик, айримларида аралаш турдаги тамаки маҳсулотларига кўзимиз тушди, улар орасида очиқдан очиқ расталарда контрабанда товарлари сотилаётганлигига ҳам гувоҳ бўлдик. Бу маҳсулотлар тамаки истеъмол қилувчилар орасида арзонлиги билан танилган милано, милано блу ва эссе чендж тамакиларидир. Қатор дўконлардан ушбу маҳсулотлардан ҳарид қилиб, назорат касса машинаси чекини талаб қилганимизда. “Бизда ҳаммага бир хил касса чеки берилади” деган жавобни олдик. Чекларда эса олган сигарет маҳсулотларимиз озиқ-овқат ёки нон маҳсулотлари деб кўрсатилган.
Ўзбекистонда тамаки маҳсулотлари сотиш учун рухсат фақат юридик шахсларга берилган. Республикада тамаки ишлаб чиқарувчи корхоналар бор. Қонунчиликка кўра, улардан маҳсулот сотиб олиш пул кўчириш йўли билан амалга оширилиши лозим ва қонунчиликда юридик шахслар онлайн назорат касса билан таъминланган бўлиши шарти ҳам белгилаб қўйилган.
Anhor.uz таҳририяти жойларда ўз ўрганиш ва суриштирувларни давом эттиради.
👍
Bu bilan nimaga erishmoqchisiz janob xalq 20 ming somdan siz aytgan markali sigareta olib chekishinimi uzi shundoq xam tirik chilikdan ortmay turgan bir paytda esiz esiz shunchalik zo’r ekansiz asfat ga qarang gaz suv elektrga qarang janob