Саудия Арабистонида қолиб кетаётган Ўзбекистон фуқаролари ҳақида маълумот берилди

Фото: xabardor

Ўзбекистоннинг Жидда (Саудия Арабистони) шаҳридаги Бош консулхонаси Макка ва Мадина шаҳарларига келган ва Ўзбекистонга қайтиш билан боғлиқ муайян қийинчиликларга дуч келган ўзбекистонлик зиёратчилар ҳақида ахборот эълон қилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

«Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда Умра амалини бажариш учун Макка ва Мадина шаҳарларига келган ва Ватанимизга қайтиш билан боғлиқ муайян қийинчиликларга дуч келган ўзбекистонлик зиёратчилар ҳақида маълумотлар тарқалмоқда, – дейилади Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида. – Таъкидлаш жоизки, юртдошларимизнинг сафарлари хусусий сайёҳлик компаниялари томонидан ташкил этилди. Мазкур ҳолат авиақатновларни амалга оширишдаги техник носозликлар, шунингдек, туристик компанияларнинг бу каби сафарларни ташкил этишда зарурий малака ва тажрибага эга эмаслиги туфайли юзага келган», – дейилади хабарда.

Ҳозирда Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги ва бошқа мутасадди идоралар билан биргаликда юртдошларимизни қайтариш бўйича барча чоралар кўрилмоқда, қўшимча рейслар жадвали тузилган.

2024 йил 4 февраль ҳолатига кўра, зиёратчиларнинг бир қисми Ўзбекистонга қайтарилди, қолган фуқароларимиз ҳам яқин фурсатларда Ватанимизга юборилади.

«Ўзбекистоннинг Ар-Риёздаги Элчихонаси ва Жидда шаҳридаги Бош консулхонаси вазиятни ўз назоратига олган ва доимий равишда мониторинг олиб бормоқда ҳамда юртдошларимизга зарур консуллик, ҳуқуқий ва бошқа ёрдамларни кўрсатмоқда. Юқоридагилардан келиб чиқиб, фуқароларимиздан хотиржамликни сақлашга ва Саудия Арабистонидаги амалдаги қоидаларга риоя қилишларига чақирамиз», – дейилган хабарда. 

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.