Сел икки вилоятда йўлларнинг шикастланишига олиб келди (тўлдирилди)
Кеча, 20 июль куни Наманган вилоятида кучли ёмғирлар сабабли Косонсой тумани томонидан сел келиб, Тўрақўрғондан Наманган шаҳрига кириш жойидаги “Ташлама” автомобиль кўпригининг бир қисмини ювиб кетган ва шикастлаган. Бу ҳақда UzNews нашри Наманган вилоят ҳокимлигининг матбуот хизматига таянган ҳолда ёзади.
Наманган шаҳри ҳудуди бўйлаб ўтадиган “Тўрақўрғон-Наманган-Чортоқ” 4Р-117 автойўлининг 15-километрида жойлашган кўприк шикастланиши билан боғлиқ таъмирлаш ишлари ўтказилиши муносабати билан ҳаракат тўхтатиб қўйилган.
Тўлдирилди: Намангандаги “Юксалиш” маҳалласида жойлашган 4, 5, 6-кўп қаватли уйларнинг подвалида сув тўпланиши муносабати билан ушбу уйларда истиқомат қилувчи 100 нафар фуқаро хавфсиз зонага эвакуация қилинган. Давлатобод туманида Шишаки дарёси ёнидаги 7 та уйда истиқомат қилувчи яна 32 киши ҳам хавфсиз зонасига эвакуация қилинган.
ИИББ матбуот хизмати берган хабарга кўра, “Фарғона ҳалқа йўли” 4Р-112 автойўлининг 73-километрида ҳам ҳаракат қисман (бир томонлама тартибда) чекланган. ИИББ ҳайдовчиларни вақтинчалик, таъмирлаш ишлари олиб бориладиган даврга, тиқилинчлар ҳосил бўлмаслиги учун айланма йўллардан фойдаланишга чақирмоқда.
20 июль куни Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз туманидаги тоғли жойларда дўл билан кучли жала ёмғирлари ёққан ва сел келган.
Натижада кучли сув оқимлари “Кўл” қишлоғига олиб борувчи йўлни ювиб юборган ва шикастлаган. Қишлоқ ташқи дунёдан 10 соатга узилиб қолган.
Шаҳрисабз тумани ҳокимияти зудлик билан воқеа жойига зарур ускуналар юборган. Айни пайтда йўлдаги ҳаракат тикланган.
Шарҳлар