Сенат ЯТТда ишлайдиган жисмоний шахслар учун минимал ижтимоий солиқ суммаси 6 баравар камайтирилиши ҳақидаги тузатишларни маъқуллади

Источник: senat.uz

1 июнь куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг ялпи мажлисида сенаторлар норасмий бандлик улушини қисқартириш, шунингдек, ўзини ўзи банд қилган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга қаратилган Солиқ кодексига ва “Томорқа хўжалиги тўғрисидаги” Қонунга ўзгартишлар ва қўшимчалар тўғрисидаги қонунни маъқуллади.

Хусусан, якка тартибдаги тадбиркор билан меҳнат муносабатларида бўлган жисмоний шахслар томонидан ижтимоий солиқ суммасининг амалдаги базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизидан, эндиликда йиллик базавий ҳисоблаш миқдорининг камида бир баробари миқдорида солиқ тўлаши белгиланмоқда. Аввал бу сумма ойига БҲМнинг 50% ни (ойига 165 минг сўм, бир йилда 1,98 млн сўм) ташкил қиларди, бу 6 баравар кўп.

Шунингдек, киритилаётган ўзгартишга кўра, чорвачилик (қорамол, қўй, эчки, от ва бошқалар), иссиқхона, паррандачилик (бедана, курка, ғоз, ўрдак), қуёнчилик, асаларичилик, балиқчилик, боғдорчилик, лимончилик, гулчилик фаолият турлари билан шуғулланаётган фуқароларга уларга тегишли бўлган томорқа ер участкаси майдони ёки улар томонидан парвариш қилинаётган уй ҳайвонлари ва паррандаларнинг сонидан қатъий назар ихтиёрий тартибда ижтимоий солиқни тўлашга рухсат этилиши белгиланмоқда.

Шу сабабли “Томорқа хўжалиги тўғрисида”ги қонундан ер участкаси майдонига қўйилган талаблар чиқариб ташланмоқда.

Қонуннинг қабул қилиниши маҳаллаларда ишсизликни камайтириш ва норасмий бандликни қисқартиришга, расмий бандлар сони ошишига ҳамда фуқароларнинг иш стажига эга бўлишига ва пенсия ёшига етганда ўзи учун мақбул пенсиянинг таъминланишига хизмат қилади.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.