Сенат коронавирусга қарши мажбурий эмланиш тўғрисидаги қонунни маъқуллади
Олий Мажлис Сенатининг ўн еттинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталигини таъминлашга қаратилган ўзгартишлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни маъқулланди. Бу ҳақда парламент юқори палатасининг матбуот хизмати хабар беради.
“Аҳолининг санитария-эпидемиологик осойишталиги тўғрисида”ги Қонунда Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачи санитария-гигиена тадбирлари ва эпидемияга қарши тадбирлар доирасида профилактик эмлашлар ўтказишни жорий этиши мумкинлиги назарда тутилган. Шу билан бирга, “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги Қонунда фуқаро ёки унинг қонуний вакили тиббий аралашувни рад этиш ёки унинг тўхтатилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган (атроф-дагилар учун хавфли касалликка чалинган шахсларга мазкур розиликсиз тиббий ёрдам кўрсатилиши бундан мустасно).
«Бироқ ушбу Қонунда юқумли касалликлар тарқалиши хавфи мавжуд бўлган тақдирда аҳолини профилактик эмлашдан ўтказиш жорий этилиши мумкинлиги юзасидан норма мавжуд эмас. Шунингдек, амалдаги қонунчиликда юқумли касалликлар тарқалиши хавфи мавжуд бўлган тақдирда профилактик эмлашдан бош тортган шахсларга нисбатан чеклов чоралари назарда тутилмаган», – дейилади Сенат хабарида.
Қонунда қуйидагилар кўзда тутилган:
биринчидан, “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги Қонуннинг 28-моддасида карантинли ва инсон учун хавфли бўлган бошқа юқумли касалликлар тарқалиши хавфи мавжуд бўлган тақдирда Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачининг қарори асосида аҳолини профилактик эмлашдан ўтказиш жорий этилиши мумкинлиги тўғрисида аниқ норма киритилмоқда;
иккинчидан, Меҳнат кодексининг 113-моддасида ходим юқумли касалликлар тарқалиши хавфи мавжуд бўлган тақдирда жорий этиладиган профилактик эмлашдан ўтишни рад этган тақдирда (соғлиғининг ҳолатига кўра қарши кўрсатма мавжуд бўлмаганда) иш берувчи уни ишга қўймасликка ҳақли эканлиги назарда тутилмоқда.
Қонун кучга кириши учун уни мамлакат президенти имзолаши керак.
Шарҳлар