Сенаторлар ер қаъри тўғрисидаги қонунни маъқуллади
Сенатнинг эллик еттинчи ялпи мажлисида “Ер қаъри тўғрисида”ги қонун маъқулланди. Муҳокама марказида бўлган мазкур Қонун билан ер ости бойликларига эгалик қилиш ва уларни тасарруф этиш, шунингдек ер қаъридан фойдаланиш ҳамда уни муҳофаза қилиш чоғида юзага келадиган муносабатлар тартибга солинмоқда.
“Республикамизда ўтказилаётган маъмурий ислоҳотлар доирасида ер қаъридан фойдаланиш ва уни муҳофаза қилиш соҳасидаги давлат органлари ваколатлари чегаралари аниқлаштирилиб, Кон-геология вазирлиги, Экология вазирлиги, Энергетика вазирлиги, Контехназорат инспекцияси, “Ер қаъридан фойдаланиш маркази” давлат муассасаси, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг ваколатлари аниқ белгилаб берилмоқда”, – дейилади Сенат баёнотида.
Қонун билан ер қаъридан фойдаланиш ҳуқуқи учун рухсатномаларни бериш, ҳисоботларни қабул қилиш ва бошқа соҳадаги давлат хизматларини кўрсатиш жараёнларида “ягона дарча” принципи жорий этилмоқда.
Қонунда соҳанинг инвестициялар жалб этувчанлигини кескин ошириш мақсадида давлат органи назорати остида ер қаъридан фойдаланиш рухсатномасини лицензиат томонидан тасарруф этиш (сотиш, гаровга қўйиш ёки бошқа шахсларга ўтказиш) механизми жорий этилмоқда.
Шунингдек, Қонунда юниор компаниялар учун рекогносцировка қилиш (дастлабки геологик ўрганиш босқичи) нормалари алоҳида ажратилмоқда ва геологик ахборотга бўлган мулк ҳуқуқи, инвесторлар томонидан уни алмашиш ва реализация қилиш нормалари такомиллаштирилмоқда.
Қонун билан ер қаъри давлат фонди кадастр тизими янада такомиллаштирилиб, унда углеводород кадастри, кадастр квадрати каби тушунчалар киритилмоқда.
Қонунда углеводородлар йўналиши кескин кучайтирилиб, жумладан, углеводород захираларини аниқлашга, геология-қидирув ишлари ва уларни ўзлаштиришга йирик инвестициялар киритишни жадаллаштириш учун олдиндан дастлабки ўрганиш, яъни рекогносцировка қилиш ишларига алоҳида қулай механизмда рухсатнома бериш тартиби белгиланмоқда.
Қонун билан уран қазиб олиш ва шу билан боғлиқ жараёнда радиациявий хавфсизлик, шунингдек Халқаро атом энергетикаси (МАГАТЭ) талаблари билан боғлиқ ҳолда қўшимча алоҳида талаблар белгиланмоқда.
Шу билан бирга, Қонунда норуда хомашё конларини қидириб топиш ва ўзлаштиришга оид нормалар кучайтирилмоқда.
Норуда қазилмаларни геологик жиҳатдан ўрганиш ва қазиб олиш учун рухсатномалар расмийлаштиришнинг аниқ тартиби ҳамда ер қаъридан фойдаланувчиларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланиб, даврий ва якуний ҳисоботларни тақдим қилиш, қазилмаларни геологик жиҳатдан ўрганиш ҳамда қазиб олишнинг йиллик минимал харажатлари қайд этилмоқда.
Қонунда экология ва атроф муҳитни келгусида кафолатли асраш мақсадида ер қаъридан фойдаланишда экологик хавфсизликни таъминлашнинг қоидалари, ер қаъридан фойдаланиш оқибатларини бартараф этишнинг талаб ва механизмлари назарда тутилмоқда.
Шарҳлар