Сенаторлар “Фавқулодда ҳолат тўғрисида”ги конституциявий қонунни маъқуллади

Источник: senat.uz

19 ноябрь куни Сенатнинг йигирма биринчи ялпи мажлисда  сенаторлар томонидан “Фавқулодда ҳолат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни маъқулланди. Қайд этилишича, ушбу Қонуннинг қабул қилиниши мамлакатимизда фавқулодда ҳолат содир бўлганда фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда дастурил амал бўлиб хизмат қилади.

Қонунда фавқулодда ҳолатни жорий этишда вужудга келадиган муносабатларни тартибга солишга қаратилган нормалар акс эттирилган. Хусусан, фавқулодда ҳолатни жорий этиш шартлари ва тартиби, қўлланиладиган чоралар ва чеклашлар, фавқулодда ҳолат амал қиладиган давр учун жорий этиладиган махсус давлат бошқарув органлари, фавқулодда ҳолат шароитида жисмоний ва юридик шахслар, шунингдeк мансабдор шахс ҳуқуқларининг кафолатлари, фавқулодда ҳолат шароитларида судларнинг фаолиятини тартибга солувчи ва бошқа махсус қоидалар мустаҳкамлаб қўйилмоқда.

Қонунда фавқулодда чоралар, уларнинг таъсири доираси, Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, юридик шахслар ҳуқуқ ва эркинликларига ўрнатилаётган вақтинчалик чекловлар, уларга юклатилаётган қўшимча мажбуриятлар, кучга кириш вақти ҳамда амал қилиш муддати каби бир қанча чоралар тартибга солинмоқда.

Қонун билан республика бўйича жорий этиладиган фавқулодда ҳолатнинг амал қилиш муддати ўттиз суткадан, унинг айрим жойларида жорий этиладиган фавқулодда ҳолатнинг амал қилиш муддати эса олтмиш суткадан ошиши мумкин эмас. Агар фавқулодда ҳолатни жорий этиш мақсадларига эришилмаган бўлса, фавқулодда ҳолатнинг амал қилиши Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан яна бир муддатга узайтирилиши мумкин. Лекин мазкур фармон Парламент қўшма мажлисида тасдиқланиши белгиланмоқда.

Шу билан бирга, қонунда фавқулодда ҳолат режимини таъминлаш учун Ички ишлар ва Фавқулотда вазиятлар вазирликлари, Миллий гвардия, Давлат хавфсизлик хизмати, шунингдек Фавқулодда вазиятлар олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат тизимига кирувчи бошқа давлат органлари ҳамда ташкилотларининг кучлари ва воситаларидан фойдаланиш белгиланмоқда. Алоҳида ҳолларда эса, юқоридагиларга қўшимча равишда, фавқулодда ҳолат режимини сақлаб туриш учун Президент фармонига асосан Мудофаа вазирлигининг кучлари ва воситалари ҳам жалб этилиши мумкин.

Шунингдек, Қонун билан фавқулодда ҳолат жорий қилингани ҳақида чегарадош давлатларга дипломатик каналлар орқали хабар берилиши ҳам белгилаб қўйилмоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.