Сенаторлар президент белгиси ва штандарти тўғрисидаги қонунни маъқуллади
Олий Мажлис Сенати ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Президенти фаолиятининг асосий кафолатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча киритиш ҳақида”ги Қонун маъқулланди.
Қонун Ўзбекистон Республикасининг Адлия вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, 3 та моддадан иборат. Қонун билан Президентнинг фарқловчи белгилари, яъни ўз белгиси ва штандарти (байроғи)ни жорий қилиш таклиф этилмоқда.
Қонунда белги ва штандарт (байроғи) тавсифи, улардан расмий фойдаланиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланиши назарда тутилган.
«Давлат раҳбарининг фарқловчи белгиларини жорий қилган хорижий давлатларда давлат раҳбарининг белгиси ва штандарти янги сайланган Президентга қасамёд қабул қилгандан кейин инаугурация пайтида топширилиши белгиланган. Ўзбекистон Республикаси қонунчилигида ушбу масалалар тартибга солинмагани боис, қонунчиликни тегишли мазмундаги норма билан тўлдириш таклиф этилмоқда», – дейилади парламент юқори палатасининг хабарида.
Сенатдагиларнинг таъкидлашича, қонуннинг қабул қилиниши “Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигини илғор хорижий тажрибага мувофиқ такомиллаштириш ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг фарқловчи белгиларидан фойдаланиш тартибини белгилашга кўмаклашади”.
Шарҳлар