Сенаторлар қўриқлаш фаолияти тўғрисидаги қонунни маъқуллади
Сенатнинг ялпи мажлисида “Қўриқлаш фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни маъқулланди.
Қонунда қўриқлаш фаолиятини амалга оширувчи субъектлар рўйхати тасдиқланиб, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида қўриқлаш фаолиятини чет давлатларнинг ташкилотлари ва уларнинг хусусий қўриқлаш ташкилотлари томонидан амалга оширишга йўл қўйилмаслиги, бундан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига қисқа муддатли ташриф билан келган олий даражали меҳмонлар хавфсизлигини таъминлаш ҳоллари мустасно эканлиги белгиланмоқда.
Шунингдек Қонунда қўриқлаш фаолиятини амалга оширувчи субъектлар ҳарбий хизматчиларининг, ходимларининг, ишчилари ва хизматчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, ушбу лавозимларга номзод бўлганларга қўйиладиган талаблар, соҳа мутахассисларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда уларнинг малакасини ошириш, ҳарбий хизматчи ва ходимларининг касбий, жисмоний ва жанговар тайёргарлиги ҳолати билан боғлиқ нормалар назарда тутилмоқда.
Қонунда жисмоний куч ишлатиш мумкин бўлган ҳолатлар, махсус воситаларни ва хизмат қуролини қўллаш шартлари ва тартиби, қўриқлаш фаолияти тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик билан боғлиқ нормалар мустаҳкамлаб қўйилмоқда.
Шунингдек, Сенат «Қурол тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонунни маъқуллади.
Унга кўра, қурол ва унинг ўқ-дорилари муомаласини давлат томонидан тартибга солиш ва назоратни амалга ошириш функциялари Миллий гвардиядан ички ишлар органларига ўтказилмоқда.
Ўқотар бўлмаган қурол билан қонунга хилоф равишда муомалада бўлиш ёки қурол муомаласи қоидаларини бузганлик учун жиноий ва маъмурий жавобгарликлар назарда тутилган.
Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг фуқаровий ов қуролини ва унинг ўқ-дориларини олиш ҳуқуқига эга бўлиш учун ёш цензи йигирма беш ёш этиб белгиланмоқда (амалдаги қонунчиликда йигирма бир ёш).
Бундан ташқари, фуқаровий қурол ва унинг ўқ-дориларини ҳадя этилишини тақиқлаш назарда тутилган.
Шарҳлар