Сеул “ахлат ҳужумлари”га жавобан Шимолий Корея билан чегарада эшиттиришларини қайтадан бошлади
Жанубий Корея 9 июнь, якшанба куни Шимолий Корея билан чегарада ўрнатилган овоз кучайтиргичлар орқали эшиттиришни қайта бошлади, деб хабар берди Жанубий Корея президенти маъмурияти. КХДРнинг чегарадош ҳудудлари аҳолиси Шимолий Корея цензураси назорати остида бўлмаган янгиликлар ва бошқа эшиттиришларни эшитишлари мумкин бўлади.
Сеул ҳукумати бу қарорни КХДР томонидан давом этаётган “ахлат ҳужумлари”га жавоб деб атади. Май ойининг охиридан бери Шимолий Корея Жанубий Корея томон 1000 дан ортиқ шарларни учирган, уларга ахлат қоплари – ҳожатхона қоғози, пластик бутилкалар, батареялар, пойабзал қисмлари ва гўнг бириктирилган.
Пхенян, ўз навбатида, бундай шарларнинг учирилиши Жанубий Кореянинг аввалги ҳаракатларига жавоб эканлигини, у ҳам КХДРга Ким Чен Ин режимига қарши курашга чақирувчи ҳаво шарларидаги варақалар, шунингдек, доллар купюралари ва қоғоз пулларни юборганини айтди. КХДРда тақиқланган Жанубий Корея фильмлари ва поп мусиқаси акс этган флеш-дисклар шулар жумласидан.
Сеул биринчи марта 2004 йилда икки Корея давлати ўртасидаги чегара чизиғи бўйлаб ўрнатилган овоз кучайтиргичлар орқали КХДРга хабарлар эшиттиришга уриниб кўрган ва уни вақти-вақти билан тиклаган. Шимолий Корея цензурасиз янгиликлар ва тақиқланган мусиқа чегара қўшинлари ва аҳолини руҳий тушкунликка туширишидан қўрқиб, унга қарши курашмоқда.
Шарҳлар