Шўрчи тумани ҳокимига ҳайфсан берилди, тумани ҳокимининг ўринбосари ва халқ таълими бўлими бошлиғи ишдан олинди
Жорий йилнинг 1 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Сардор Умурзаков раислигида халқ таълими тизимидаги мавжуд муаммоларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди, деб ёзади ЎзА.
Жумладан, Сурхондарё вилояти Шўрчи туманида оддий мактабни ихтисослаштирилган мактабга айлантириш чоғида масъуллар томонидан йўл қўйилган ўзбошимчалик ва ўз ишига совуққонлик жиддий танқид қилинди.
Ишлар тўғри ташкил қилинмаганлиги сабабли ўқувчилар 5-6 километр наридаги мактабга қатнашга мажбур бўлишган. Бу эса ота-оналарнинг ҳақли эътирозларига сабаб бўлган.
Бу ўртада мактабнинг собиқ директори ташаббуси билан аҳолининг уйида болаларга дарс ўтиш бошланган.
«Бу нима деган гап?! Инсон қадри шуми? Тошкентда, ёзда салқин, қишда иссиқ кабинетларда ўтирган амалдорлар болалари қишлоқнинг лой йўлларида ҳар куни 10 километрлаб юришига, аҳоли уйларида ўқишига рози бўлишармиди? Яна уйларда таълим бераётган ўқитувчиларга маош ҳам берилмаяпти экан. Ўқитувчининг нима айби бор бу ерда?!», – дея эътироз билдирди Сардор Умурзаков.
Мазкур воқеа ортидан Шўрчи тумани ҳокими Бахтиёр Худойбергановга эса ҳайфсан берилди, ўқувчиларни аҳоли уйларида ўқитишга бош қўшган туман ҳокими ўринбосари ва халқ таълими бўлими мудири лавозимидан озод этилди.
Шарҳлар