ШҲТ давлатлари раҳбарларининг йиғилишида Ўзбекистон президенти нималар ҳақида гапирди

Источник: пресс-служба ШОС

Самарқандда ШҲТ Давлатлари раҳбарлари кенгашининг мажлиси расман бошланди. Кенгайтирилган таркибда ўтказилган йиғилишнинг очилишида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев нутқ сўзлади. Қуйида, нутқдан олинган асосий бандларни келтирамиз.

ШҲТнинг янги аъзолари

Шавкат Мирзиёев Беларусни ШҲТга аъзо қилиш жараёни бошланганини маълум қилди.

«Эрон Ислом Республикасининг Ташкилотга тўлақонли аъзо сифатидаги мажбуриятлари тўғрисидаги Меморандум имзоланди. Эрон Президенти жаноб Иброҳим Раисий ва барча ҳамкасбларимизни ушбу тарихий воқеа билан чин қалбимдан табриклайман. Миср Араб Республикаси ва Қатар Давлатига мулоқот бўйича шериклар мақоми берилди. Бундан ташқари, Беларусь Республикасига ШҲТнинг тўлақонли аъзоси, Баҳрайн Подшоҳлиги, Қувайт Давлати, Мальдив Республикаси, Бирлашган Араб Амирликлари ва Мьянма Иттифоқи Республикасига – мулоқот бўйича шериклар мақомини бериш жараёнлари бошланади», – деди Ўзбекистон президенти.

Ташаббуслар

Шавкат Мирзиёев ташкилот доирасидаги иқтисодий ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган қатор ташаббуслар билан чиқди.

Ўз таркибида сиёсатчилар, жамоат арбоблари, олимлар ва эксперт-экологлар, бизнес вакилларини бирлаштира оладиган ШҲТ Иқлим кенгашини тузиш таклиф қилинди.

ШҲТ доирасида университет ректорлари форуми, маданият ва туризм кунлари, қўшма спорт тадбирлари ва универсиадалар сингари қўшимча форматларни таъсис этиш зарурлиги қайд этилди.

Ҳамкорликни фаоллаштириш учун давлатимиз раҳбари келгуси йилни ШҲТ маконида туризмни ривожлантириш йили, деб эълон қилишни таклиф этди.

Мамлакатлар ўртасида кенг кўламли иқтисодий ҳамкорликни таъминлаш ва амалий ҳамжиҳатликнинг аниқ натижаларига эришиш мақсадида Ўзбекистонда ШҲТ минтақаларининг бизнес шериклиги ҳафталигини ўтказиш таклиф қилинди.

«Саноат кооперациясини чуқурлаштириш ва ўзаро савдони рағбатлантириш мақсадида ШҲТ мамлакатлари Махсус иқтисодий зоналари альянсини тузиш тарафдоримиз. Биз келгуси йилда Самарқандда “Ўзбекистон–ШҲТ” саноат зонаси базасида махсус зоналар администрациялари раҳбарларининг биринчи учрашувини ўтказишга тайёрмиз. Яна бир чора-тадбир сифатида ҳар йили ШҲТ йирик савдо ярмаркасини ўтказишни, унинг асосида ягона электрон платформа яратишни таклиф этамиз. Биз қабул қилаётган Минтақалараро савдони ривожлантириш бўйича қўшма ҳаракатлар режаси ҳам бунга ёрдам беради».

Афғонистон ва хавфсизлик

Шавкат Мирзиёев ёшларнинг экстремистик ташкилотларга жалб этилишига йўл қўймаслик, турли носоғлом мафкураларга қарши барқарор иммунитетни шакллантириш бўйича комплекс амалий чора-тадбирлар қабул қилиниши мақсадга мувофиқлигини қайд этди.

«Афғонистонда тинчлик ўрнатилиши ва унинг ижтимоий-иқтисодий тикланишига кўмаклашиш, бу борадаги ишларни мувофиқлаштиришни кучайтириш ШҲТнинг энг устувор йўналишларидан бўлиб қолиши лозим».

Ўзбекистон президенти Афғонистонни гуманитар қўллаб-қувватлаш бўйича махсус фондни мазкур мамлакатга чегарадош бўлган Термиз шаҳрида – у ердаги мавжуд транспорт-логистика хабининг замонавий инфратузилмасидан фойдаланган ҳолда, биргаликда таъсис этишни таклиф қилди.

«Бугун Ўзбекистон шерикларга умумий хавфсизлик ва фаровонлик йўлидаги Самарқанд бирдамлиги ташаббусини тақдим этишдан мамнундир. Бу ташаббуснинг мақсади – бизнинг умумий келажагимизга бефарқ бўлмаган, ихтилофларга қарамасдан келишилган ёндошувлар ва қарорларни излашга тайёр, «Самарқанд руҳи» тамойилларига ҳамфикр бўлганларнинг барчасини глобал цивилизациялараро мулоқотга жалб қилишдир».

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон ташкилотнинг блокларга қўшилмаслик мақомини ва унинг очиқлигини сақлаб қолиш муҳим эканини қайд этди.

«ШҲТ ўз тараққиётининг янги, янада муҳим босқичига қадам қўймоқда. Биз ҳамкорликнинг кўплаб устувор вазифаларини биргаликда ҳал қилишимиз керак. Бизнинг фикримизча, биринчи навбатда, ташкилотнинг блоксиз мақоми ва очиқлигини сақлаб қолишни давом эттириш зарур.

Биз хавфсизликнинг бўлинмаслиги тамойилига қатъий амал қиламиз. ШҲТ фаолияти бундан буён ҳам кенг ҳамкорликка йўналтирилиши керак. Шунингдек, Марказий Осиё ШҲТнинг “географик ядроси” мақомини сақлаб қолиши кераклигига ишончимиз комил.

Яна бир муҳим вазифа – “Шанхай руҳи” тамойиллари асосида бирдамлик, ўзаро ёрдам ва шерикликни мустаҳкамлаш. Шундагина биз ШҲТ минтақасида тинчлик, барқарорлик ва фаровонликни таъминлашимиз мумкин».

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.