Шаҳарсозлик соҳасидаги низоларни судга қадар кўриб чиқиш ва ҳал этиш тизими жорий этилди
АОКАда ўтказилган брифингда Қурилиш ва уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ахборот хизмати раҳбари Саидносир Усмонов маълум қилди.
Эндиликда мазкур масала билан тегишли вазирлик ва идораларнинг мутасадди вакилларидан иборат комиссия шуғулланади.
Ушбу комиссия бино ва иншоотнинг ташқи кўринишини ўзгартиришни келишиш бўйича берилган хулоса, бино ва иншоотларнинг ихтисослашишини ўзгартириш, қайта қуриш, реконструкция қилиш ҳамда ўз ҳудудида қўшимча биноларни қуришни лойиҳалаштиришга рухсатнома олинганлиги ҳақидаги маълумотларни ўрганиб чиқади.
Шунингдек, архитектура-режалаштириш топшириғи, ҳудудий архитектура-шаҳарсозлик кенгаши қарори ва ушбу кенгаш ишчи органи хулосасига доир ҳужжатларнинг қонуний берилганлигини ўрганиб чиқади ва қарор қабул қилади.
Таъкидлаш лозимки, судларда кўриб чиқилган ёки кўриб чиқилаётган низолар комиссия томонидан кўриб чиқилмайди.
Манфаатдор шахс ваколатли органнинг рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжати ёки бундай ҳужжатни беришни рад этиш ҳақидаги қарори, шунингдек, ҳаракатлари бўйича комиссияга мурожаат қилиши мумкин. Шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг шаҳарсозлик соҳасидаги қонуний манфаатларини кўзлаб ваколатли давлат органлари ёки аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳам комиссияга мурожаат қилиши мумкин.
Шунингдек, мурожаатлар кўриб чиқилиши тенг ҳуқуқлилик, холислик, қонунийлик, коллегиаллик ва ҳуқуқни қўллаш амалиётининг бир хиллигини таъминлаш ҳамда мурожаат этувчиларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига риоя қилиш принципларига асосланади.
Шарҳлар