Шаҳрисабз туманида фуқароларни пахта теримига мажбурлаган маҳалла раиси жаримага тортилди

«Cotton 100%» Михаила Бородина
Скриншот фильма «Cotton 100%» Михаила Бородина. Фото: Alternativa Film

Одам савдосига қарши курашиш ва муносиб меҳнат бўйича миллий комиссия томонидан пахта теримига чиқмаган фуқароларга нафақа тўланмаётгани, шунингдек, мактаб ўқитувчиларининг пахта теримига мажбуран жалб этилиши ҳолатлари тўғрисидаги маълумотлар атрофлича ўрганиб чиқилди.

“Ўрганиш натижаларига кўра, Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз тумани “Пахтакор” МФЙ раисининг нафақа олувчиларга тегишли бўлган овозли хабари асосида фуқаролар мажбурий меҳнатга жалб қилингани аниқланди. “Нафақа оладиганлар пахта теримига чиқишлари шарт, акс ҳолда уларга болалик нафақаси тўланмайди”, — дейилади комиссия хабарида.

Ҳуқуқбузарга Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 51-моддаси биринчи қисмига мувофиқ, БҲМ эллик баравари миқдорида маъмурий жарима қўлланилди.

“Пахта терими жараёнида меҳнат қонунчилиги талабларининг бузилиши ёки фуқароларни пахта теримига мажбурлаш билан боғлиқ ҳар қандай факт зудлик билан ўрганилиб, масъул ходимларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади, шунингдек, иш берувчилар ва ҳудудлар раҳбарлари фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларига риоя этилишини таъминлашлари шарт».

Комиссия эслатиб ўтадики, Конституцияга кўра, ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш, қулай меҳнат шароитлари, меҳнатга адолатли ҳақ тўлаш ҳуқуқига эга. Шунингдек, мамлакатда мажбурий меҳнат тақиқланган, миллий қонунчиликда болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик назарда тутилган, дея хулоса қилади департамент.

 

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.