Аллергия хавфи борган сари жиддийлашмоқда

Фото: depositphotos/AllaSerebrina

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти таҳлилига кўра ҳозирги кунда дунёда ҳар уч кишидан бири аллергиядан азият чекмоқда. Шунингдек, глобал иқлим ўзгариши ва атроф-муҳит ифлосланиши билан боғлиқ муаммолар вазиятнинг янада  кескинлашишига олиб келмоқда, деб ёзмоқда ССВ матбуот хизмати.

“Бугунги кунда кимёвий қўшимча ва консервантлар билан бойитилган озиқ-овқат маҳсулотларининг истеъмоли ортиши, дори воситаларини ҳаддан ташқари кўп қабул қилиш, кам харакатлилик, стресс каби омиллар иммун тизимини тобора заифлаштиряпти”, – дейди  Аллергология ва клиник иммунология илмий-амалий тиббиёт маркази директори Илмира Разикова.

ЖССТ 2025 йилга бориб, Ер юзи аҳолисининг тенг ярми аллергик касалликлар билан курашиши мумкин, деб тахмин қилмоқда. Ҳатто баъзи тараққий этган мамлакатлар аллақачон ушбу чизиққа етиб улгурган.

Хозирда ушбу касалликка қарши курашиш мақсадида “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри”да бўлган аллергик касалликларга чалинган беморларни дори воситалари билан бепул таъминлаш тизими йўлга қўйилган.

“Шунингдек, ҳудудларда аллергология ва клиник иммунология йўналишида юқори технологик ташхислаш ва даволаш амалиётлари турларини босқичма-босқич 10 турдан 20 тургача ошириш ҳам режалаштирилган”,- дейилади хабарда. 

Аллергик касалликка чалинган беморларнинг электрон реестрини яратиш мақсадида марказ ва унинг ҳудудий филиаллари мутахассислари манзилли ўрганиш ишларини ҳам олиб бормоқда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.