Шаҳрисабзда мактаб ўқувчилари поли чириган спортзалда жисмоний тарбия билан шуғулланган
Ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманидаги 58-мактабда ўқувчилар поли чириб кетган спортзалда шуғулланишаётгани ҳақида хабар тарқалди. Қашқадарё вилояти халқ таълими бошқармаси бу ҳолат тегишли масъуллар иштирокида ўрганилаётганини маълум қилди.
Қайд этилишича, тумандаги Ғилoн қишлоғида жойлашган бу мактаб 1967 йил қурилган. 2014 йилда 200 ўринли янги ўқув биноси фойдаланишга топширилган. Мавжуд 2 та 240 ўринли ўқув бинолари мукаммал таъмирланган.
Шунингдек бошқарманинг маълум қилишича, мактабнинг 12х24 метр ўлчамдаги спорт зали 2007 йил қурилган. Мактаб тоғли ҳудудда жойлашганлиги, ер ости сувлари ер юзасига яқинлиги, намгарчилик юқорилиги натижасида спорт залининг пол қисми жуда тез вақтда яроқсиз ҳолатга келган.
“2022 йил «Маҳаллий бюджет» ҳисобидан мактаб спорт залининг пол қисми янгидан таъмирлаш режалаштирилган. Ҳозирда мавжуд имкониятлардан фойдаланиб, мактаб спорт залини бирламчи таъмирлаш чоралари кўрилмоқда”, – дейилади бошқарма тарқатган хабарда.
Шарҳлар