“Шарқ-Аксилтеррор – 2024” қўшма аксилтеррор машқлари бўлиб ўтди
5 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати ҳарбий полигонида МДҲ Аксилтеррор маркази кўмагида Ҳамдўстлик ваколатли органларининг “Шарқ-Аксилтеррор – 2024” қўшма аксилтеррор машқлари ўтказилди, деб хабар бермоқда ДХХ.
Ундан кўзланган асосий мақсад террорчилик ҳаракатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш, чегара хавфсизлигига раҳна солувчи террорчилик таҳдидларини зарарсизлантириш ва оммавий тартибсизликларни бартараф этиш бўйича қўшма тадбирларни ўтказишда МДҲга аъзо давлатлар ваколатли органлари фаолиятини такомиллаштиришдан иборат.
Муҳим инфратузилма объектларида гаровга олинганларни озод қилиш ва шартли террорчиларни зарарсизлантириш сценарийларини синовдан ўтказиш доирасида махсус ва ҳарбий техникалар, жумладан авиация ва учувчисиз учув аппаратларидан фойдаланилган.
Тадбирга Ўзбекистон Республикаси ДХХ, ИИВ, ФВВ, Миллий гвардия, Мудофаа вазирлиги махсус бўлинмалари, шунингдек Бош Прокуратура ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакиллари жалб қилинган.
Кузатувчилар эътиборига ноқонуний қуролланган террорчилик гуруҳларини йўқ қилиш бўйича махсус ҳарбий операция элементлари ҳамда оммавий тартибизликларни бостириш ва инқирозли вазиятларни бартараф этиш чоралари ҳавола этилди.
Шарҳлар