Шавкат Мирзиёев Елизавета II вафоти муносабати билан Буюк Британия қиролига таъзиянома йўллади
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллиги Қироли Карл Учинчига унинг волидаи муҳтарамаси Қиролича Елизавета Иккинчи оламдан ўтгани муносабати билан ҳамдардлик билдирди.
«Ул зот 70 йилдан ортиқ вақт давомида мамлакат яхлитлиги ва жадал ривожланишининг рамзи бўлиб келган, Қиролликнинг глобал иқтисодиёт ва сиёсатда етакчи давлатлардан бирига айланишига, унинг халқаро майдондаги обрў ва эътиборини ҳар томонлама оширишга беқиёс ҳисса қўшган буюк давлат арбоби эди», — дейилади давлат раҳбарининг таъзияномасида.
Президентимиз ушбу мусибатли дамларда Қиролга, оиласининг барча аъзоларига ва бутун Буюк Британия халқига таскин сўзларини билдирди ҳамда сабр-тоқат ва бардамлик тилади.
Мамлакатни 70 йил бошқарган Буюк Британия қироличаси Елизавета II 96 ёшида вафот этди. Бу ҳақда Букингем саройи эълон қилган. Унинг тўнғич ўғли шаҳзода Чарльз янги қиролга айланди, энди у Карл III деб аталади. Унинг сўзларига кўра, суюкли онасининг вафоти ўзи ва бутун оиласи учун жуда қайғули бўлиб, буни ҳозир бутун дунё чуқур ҳис қилмоқда.
Шарҳлар