Шавкат Мирзиёев Гулистон-сити қурилиши ҳақида эълон қилди
Айни дамда Ўзбекистон президенти Сирдарё вилоятига ташриф буюрган. Сайловчилар олдида чиқиш қилар экан, Шавкат Мирзиёев эски деҳқон бозори ўрнида 42 га майдонда барпо этиладиган Гулистон-сити қурилиши бошланишини билдирди. Бу ҳақда «ЎзЛиДеП» партияси хабар беради.
«Бу ерда 1 минг 700 хонадонли 16 қаватли турар-жойлар, умумтаълим ва бизнес мактаблари, 2 та болалар боғчаси, замонавий клиника, маданият маркази ва меҳмонхона қурилади».
Келгуси беш йилда марказлашган ичимлик суви билан таъминлаш даражаси 82 фоиздан – 90 фоизга, канализация қамрови 14 фоиздан – 40 фоизга етказилади. Бунинг учун 1,8 триллион сўм эвазига, 428 километр ичимлик сув ва 57 километр канализация тармоғи, 118 та сув ва 7 та канализация иншоотлари барпо этилади. Натижада, 60 минг нафар аҳоли илк бор сув билан таъминланади, 106 минг нафар аҳолининг сув таъминоти яхшиланади.
“Обод қишлоқ” ва Обод маҳалла” дастурлари доирасида келгуси беш йилда 110 та қишлоқ ва маҳаллада ободонлаштириш, ижтимоий объектлар, ички йўллар ва инфратузилмани таъмирлашга 1 триллион сўмдан зиёд маблағ ажратилади. Бундан ташқари, кейинги уч йилда вилоятдаги 17 та қишлоқ инфратузилмасини яхшилаш ва ривожлантиришга 10 миллион доллар йўналтирилади.
Вилоятда электр энергияси таъминотини яхшилаш мақсадида, келгуси беш йилда 5 минг километр паст ва юқори кучланишли тармоқлар, 1 минг 100 та трансформатор янгидан қурилади ва реконструкция қилинади. Бу ишлар ҳисобига 420 мингдан ортиқ аҳоли яшайдиган масканлар обод қилинади.
Шарҳлар