Шавкат Мирзиёев қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш чораларини маълум қилди
27 октябрь куни президент Шавкат Мирзиёев раислигида қишлоқ хўжалигида кластер тизимини ривожлантириш масалалари бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Энди пахта ҳосилини молиялаштириш шудгор давридан, яъни октябрь ойидан бошланади. Бундан буён, кластерларга кредитлар 24 ой муддатга ажратилиб, унинг имтиёзли даври амалдаги 11 ойдан 18 ойгача узайтирилади.
Кластер олган кредитини, хомашёни энг камида ип-калава ва матога айлантиргандан кейин қайтаради. Бу тизимни жорий этишга бюджетдан 10 триллион сўм йўналтирилади. Шу мақсадда Қишлоқ хўжалиги жамғармасига йил якунига қадар қўшимча 100 миллион доллар ажратилади.
Шунингдек, тупроқ унумдорлиги ва ҳосилдорликни ошириш, суғоришнинг янги технологияларига ўтиш, ўсимликлар ҳимояси, замонавий лабораториялар ташкил этиш, фермерларни ўқитиш каби тадбирлар учун ҳар бир гектар пахта майдонига 1 миллион сўмдан молиявий грантлар ажратилади.
Кластерлар томонидан ип-калавани қайта ишлаш даражасини келгуси икки йилда ҳозирги 50 фоиздан 70 фоизга етказиш мўлжалланган. Шундан келиб чиқиб, уларга молиялаштиришнинг янги механизмлари жорий этилиши маълум қилинди. Масалан, матони бўяш ва аралаш мато ишлаб чиқарадиган ускуналар хариди учун, корхона қувватига қараб, давлат ҳисобидан молиявий грантлар берилади. Бундай лойиҳаларни кредитлаш учун яна 150 миллион доллар маблағ ажратилади.
Бўялган мато ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг экспортини қўллаб-қувватлаш учун давлат томонидан паст ставкаларда 100 миллион долларлик янги кредит линияси очилади. Шундай товарларнинг камида 80 фоизини экспорт қилувчи кластер ва бошқа тўқимачилик корхоналари учун ижтимоий солиқ ставкаси 3 йил муддатга амалдаги 12 фоиз ўрнига 1 фоиз қилиб белгиланади. Шунингдек, уларга мол-мулк солиғини 3 йилга кечиктириб тўлаш имконияти ҳам берилади. Бунинг ҳисобига, корхоналар ихтиёрида йилига камида 500 миллиард сўм маблағ қолади.
Келгуси йилдан ип-калавани қайта ишлайдиган кластерларга кредит олишда пахта хомашёси ва толасини гаровга қўйиш амалиёти жорий этилади.
Президентнинг қайд этишича, келгуси йилдан ғаллачилик кластерлари ва фермерларга буғдойни бозор нархида тўлиқ эркин сотиш ҳуқуқи берилади. Бунда, кластер ва фермер хўжаликлари 3 йил давомида ҳар гектардан 2,5 тонна ғаллани биржа савдоларига чиқариши талаб этилади. Қолган ҳосилни эса, тўғридан-тўғри сотиш ҳуқуқи берилади.
“Ўздонмаҳсулот” таркибидаги донни қайта ишлаш корхоналари ғалла кластерлари ташкил этиш учун очиқ савдоларга чиқарилади.
Мева-сабзавотчилик кластерларига айланма маблағ учун, жамғарма ҳисобидан 1 йил муддатга 10 фоиздан кредит ресурслари ажратилади.
Келгуси йилдан мева-сабзавот ҳосилини иқлим хавфидан суғурталаш бўйича суғурта компаниялари ўртасида танлов ўтказилади. Экспорт шартномаси бўлган кластер ва фермерларга суғурта мукофотининг 50 фоизи давлат томонидан қоплаб берилади.
200 минг гектар паст ҳосилли пахта ва ғалла майдони қисқартирилиши режалаштирилган. Бу майдонлар аҳолига танлов асосида, узоқ муддатли ижарага берилади.
Давлат раҳбари бунда эҳтиёжманд оилаларга алоҳида эътибор қаратиш, уларга деҳқончилик сирларини ўргатиш ва кўмаклашиш кераклигини таъкидлади. Бунинг учун 100 миллион сўмгача бўлган мева-сабзавотчилик лойиҳаларига “Ҳар бир оила – тадбиркор” дастури шартлари асосида кредит берилиши қайд этилди.
Фермер ва кластерларни қўллаб-қувватлаш мақсадида, келгуси йилдан бошлаб, техника сотиб олиш бўйича кредитларнинг 10 фоиздан юқори қисми давлат томонидан қоплаб берилиши белгиланди. Шунингдек, импорт қилинадиган техника, бутловчи ва эҳтиёт қисмлар божхона тўловларидан 3 йил муддатга озод этилади. Бунинг натижасида кластер ва фермерлар техникани 35 фоизгача арзон харид қилиш имкониятига эга бўлади.
Бундан ташқари, лазерли текислаш, ҳосилдор ва касалликларга чидамли янги навларни экиш, уруғчиликни ривожлантириш, сув тежовчи технологияларни қўллаш учун ҳам имтиёзлар берилади. Умуман, ушбу мақсадлар учун йилига жами 25 триллион сўм йўналтирилиши кутилмоқда.
Йиғилишда билдирилган ташаббуслар ижроси бўйича фармон ва қарор лойиҳалари ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.
Шарҳлар