Шавкат Мирзиёев “Янги Тошкент” шаҳри қурилишини эълон қилди
Бугун, 31 август куни президент Шавкат Мирзиёев иштирокида Қибрай туманида барпо этилган “Янги Ўзбекистон” боғининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Тадбирда давлат раҳбари янги бунёдкорлик режалари ҳақида тўхталиб ўтди. Бу ҳақда UzNews нашри ёзади.
«Сизларга анчадан бери ўйлаб юрган бир сирни айтмоқчиман, бугун мавриди келди. Ҳозир кўпчиликда савол туғиляпти – нега бу боғ шаҳардан узоқда? Гап шундаки, биз энди “Янги Тошкент” қурилишларини асосан шу томонда, баҳаво жойларда олиб борамиз. Ҳозирги Тошкент шаҳримизни эса яшил ҳудудга айлантирамиз», — дейди президент.
Президентнинг таъкидлашича, Тошкент вилоятида янги олий таълим маскани, аэропорт ва 2025 йилда Ўзбекистон мезбонлик қиладиган ёшлар ўртасидаги спорт мусобақалари учун олимпия шаҳарчаси барпо қилинади.
Маълумотларга кўра, боғнинг ўзи ҳам 104 гектарни ташкил қилади ва бу ердаги ободончилик ишлари ҳам давом эттирилади..
«Худо хоҳласа, яқин 2-3 ой ичида Тошкент вилоятининг Қибрай, Бўстонлиқ туманларининг баҳаво ҳудудларида бажариладиган ишлар режасини тақдим этамиз. Лекин ҳар бир ғиштни халқимиз билан бамаслаҳат қўямиз», — дея қўшимча қилади давлат раҳбари.
“Газета” нашрининг президент сўзларига таянган ҳолда қайд этишича, охирги 4-5 йил ичида Тошкентда йирик қурилиш лойиҳалари амалга оширилган, аммо энди қурилиш Тошкент вилоятига кўчади.
Шарҳлар