Шавкат Мирзиёев энергетика тизимида рўй берган носозликлар ва уларнинг оқибатларига ўз муносабатини билдирди
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида кенгайтирилган видеоселектор йиғилиши ўтказилмоқда. Унда Шавкат Мирзиёев 25 январь куни юз берган электр энергия таъминотидаги узилишлар бўйича муносабат билдирди. Бу ҳақда Ўзбекистон президентининг матбуот котиби хабар беради.
«Мана, куни кеча электр таъминоти бўйича содир бўлган техник узилиш бир зумда бутун минтақа ҳаётида кучли акс-садо берганига барчамиз гувоҳ бўлдик. Бу авариядан ўша заҳотиёқ хабар топиб, дарҳол Ҳукумат комиссиясини тузишга топшириқ бердим. Комиссия, тармоқ ва ҳудуд раҳбарлари билан доимий мулоқотда бўлиб, авария ҳамда унинг иқтисодиёт ва аҳоли ҳаётига салбий таъсирини бартараф этиш бўйича ишларни шахсан назоратимга олдим», — деди давлат раҳбари.
«Бундай экстремал вазиятда энергетика, нефть-газ, коммунал соҳа, транспорт, ҳокимликлар, соғлиқни сақлаш, фавқулодда вазиятлар ва ҳуқуқ-тартибот идоралари, оммавий ахборот воситалари ўзаро баҳамжиҳат ишлагани ҳисобига авария оқибатлари босқичма-босқич бартараф этилмоқда».
Президентнинг қайд этишича, «…бундай ҳолатда халқимиз ҳам вазиятни тўғри қабул қилиб, саросимага тушмади».
«Фурсатдан фойдаланиб, аввало сабр-тоқатли халқимизга, шунингдек, ушбу вазиятни бартараф этишда жонбозлик кўрсатган барча соҳа ва идоралар ходимларига, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқ вакилларига ўз миннатдорчилигимни билдираман».
«Бу ҳодисадан тўғри хулоса қилиб, биз Ўзбекистон тараққиётини давримизнинг глобал муаммолари билан янада боғлиқ ҳолда кўришимиз керак», – дейди Шавкат Мирзиёев.
«Бу борадаги мавжуд таҳдид ва муаммоларни бартараф этишга доимо тайёр туришимиз керак. Тинч-осойишта ҳаёт осмондан тушмайди. Бу ҳаётни қадрлаш, асраб-авайлаш, бу ҳаётни ҳимоя қилиш керак».
Шарҳлар