Шавкат Мирзиёев: «Кўп қаватли турар жойлар орасидаги майдонларда ҳар қандай қурилишга чек қўйилади»

Источник: president.uz

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёев 19 октябрь куни Тошкент шаҳри сайловчилари билан учрашди. Номзод кўп қаватли турар жойлар орасидаги майдонларда ҳар қандай қурилишга чек қўйилиши, “яшил ҳудуд”лар кўпайтирилишини таъкидлади.

Шавкат Мирзиёевнинг қайд этишича, пойтахтнинг меъморий қиёфасини сақлаб қолиш мақсадида “Янги Тошкент” концепцияси амалга оширилади ва шаҳар шарқий йўналишга қараб кенгайтирилади. Келгуси беш йилда 100 минг хонадонли кўп қаватли энергия тежамкор уйлар қурилади. Шу билан бирга, эски икки қаватли уйлар реновация қилинади.

Тошкентда жамоат транспорти ва йўл инфратузилмасини ривожлантириш масалалари жуда долзарб. Шу боис, 400 та замонавий автобус ва 700 та электробус олиб келиш, 200 га яқин янги автобус йўналишлари ташкил этиш режалаштирилган. 500 та йирик чорраҳани «ақлли” тартибга солиш, тирбандлик юқори бўлган кўчаларда 21 та йўл ўтказгич қуриш чоралари белгиланган.

Тошкент шаҳри атрофида “саноат белбоғи” ташкил қилиниб, Бектемир, Сергели, Яшнобод ва Янгиҳаёт туманлари юқори даромад келтирувчи саноат тармоқларига мослаштирилади. Янги технопарклар, логистика марказлари, божхона терминаллари ташкил этилади. Шаҳарда жойлашган барча божхона юк омборлари пойтахт ташқарисига чиқарилади.

Келгуси йилларда 4 мингдан ортиқ ер участкалари онлайн аукцион савдоларига чиқарилиши кўзда тутилган.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.