Bo'limsiz

Шавкат Мирзиёев “Кўрфаз – Марказий Осиё” ягона визасиз сайёҳлик маконини яратишни таклиф қилди

Фото: пресс-служба президента Узбекистана

Ўзбекистон президенти 19 июль куни Марказий Осиё мамлакатлари ва Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши етакчиларининг биринчи саммитида иштирок этди.

Президент ўз нутқида  минтақалар ўртасидаги амалий ҳамкорликни бир қатор йўналишларда кенгайтиришни таклиф этди.

«Биродар давлатларимиз ва халқларимизни янада яқинлаштириш мақсадида келгусида кўп томонлама Дўстлик, минтақалараро боғлиқлик ва ҳамкорлик Битимини ишлаб чиқиш масаласини ўрганиш таклиф этилди», – дейилади хабарда.

Давлат раҳбари инновациялар, “сунъий” интеллект, “яшил” иқтисодиёт, рақамлаштириш, “ақлли қишлоқ хўжалиги”, нано- ва биотехнологиялар соҳаларидаги ҳамкорлик платформалари ва ишчи механизмларини яратиш зарурлигини қайд этди. Бизнес вакиллари иштирокида Қўшма инвесторлар кенгашини таъсис этиш ва унинг дастлабки йиғилишини Самарқандда ўтказиш ташаббуси илгари сурилди.

Учинчи йўналиш савдо ва транспорт боғлиқлигини кучайтиришдан иборат. Давлатимиз раҳбари Кўрфаз давлатлари билан эркин савдо режимини жорий этиш, техник регламентларни уйғунлаштириш ва электрон тижоратни ривожлантириш долзарб аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Шу муносабат билан кўп томонлама Савдо битимини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш таклиф этилди.

Транспорт ва транзит соҳасида Ўрта транспорт коридорида энг мақбул тарифларни қўллаш, Афғонистон орқали мавжуд мультимодал йўлаклардан кенг фойдаланиш, тўғридан-тўғри авиақатновларни мақсадли субсидиялаш ёрдамида кўпайтириш таклифи билдирилди.

Давлатимиз раҳбари ҳамкорларни Кўрфаз давлатларини энг яқин ва қулай йўл орқали минтақамиз билан боғлайдиган Трансафғон темир йўлини қуриш стратегик лойиҳасида фаол иштирок этишга чақирди.

Навбатдаги муҳим йўналиш – экология ва иқлим ўзгариши масалалари. Юртимизда очилаётган Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети негизида биргаликда халқаро тадқиқотлар дастурини ишлаб чиқиш муҳимлиги таъкидланди.

“Кўрфаз – Марказий Осиё” ягона визасиз сайёҳлик маконини ва туристлар учун мўлжалланган замонавий кластерларни яратиш, қўшма туристик маҳсулотларни кўпайтириш ҳамда 2024 йилда Ислом дунёси туризм пойтахти, деб эълон қилинган Хива шаҳрида минтақаларимиз етакчи сайёҳлик операторлари форумини ўтказиш таклиф қилинди.

Йиғилиш якунида Қўшма баёнот қабул қилинди.

Саммит иштирокчилари Ўзбекистон Республикасининг “Марказий Осиё – Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши” форматидаги навбатдаги олий даражадаги учрашувни Самарқанд шаҳрида ўтказиш таклифини қўллаб-қувватладилар.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.