Шавкат Мирзиёев навбатдаги Евросиё рақамли форумини Ўзбекистонда ўтказишни таклиф этди
10 декабрь куни Олий Евроосиё иқтисодий кенгашининг видеоанжуман шаклида ўтган навбатдаги йиғилишида Ўзбекистон президенти ҳам иштирок этди. Давлат раҳбари навбатдаги Евроосиё рақамли форумини Ўзбекистонда ўтказиш ташаббусини илгари сурди.
Ўзбекистон ЕОИИ мамлакатлари билан товар айирбошлашни кўпайтириш учун энг қулай шароитларни яратиш борасидаги ёндашув ва механизмларни биргаликда ишлаб чиқишга тайёрлигини билдирди.
Шавкат Мирзиёев Ташкилот доирасида Индустриаллаштириш онлайн харитасини яратишда иштирок этиш орқали ҳамкорликни тизимли асосда йўлга қўйиш таклифини илгари сурди.
Ўзбекистон юк ташишларни кузатиш учун навигация тамғаларини жорий қилиш дастурига қўшилиши мумкинлиги қайд этилди. ЕОИИ логистика занжирларини ривожлантириш рақамли экотизимини яратиш тўғрисидаги ташаббус қўллаб-қувватланди.
Давлат раҳбари Ўзбекистон юқори даражадаги Ишчи гуруҳи фаолиятида иштирок этишга тайёр эканини билдирди ҳамда унинг доирасида “яшил” тараққиёт соҳасида Чора-тадбирлар режасини тасдиқлашни таклиф этди.
Шарҳлар