Шавкат Мирзиёев Тоқаевни сайловлардаги ғалабаси билан табриклади

Источник: BBC

21 ноябрь куни Ўзбекистон ва Қозоғистон президентларининг телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди. Шавкат Мирзиёев  Қасим-Жомарт Тоқаевни “Қозоғистон Республикаси Президенти умумхалқ сайлови муваффақиятли ўтгани ва унда ишончли ғалаба қозонгани билан самимий муборакбод этди”, – деб ёзади давлат раҳбарининг матбуот хизмати.

Қозоғистоннинг амалдаги президенти Қасим-Жомарт Тоқаев навбатдан ташқари президентлик сайловларида 81,3 фоиз овоз тўплади. Қозоғистон Марказий сайлов комиссиясининг ушбу дастлабки маълумотларини “Медуза” нашри келтиради.

МСК раҳбари Нурлан Абдировнинг айтишича, овоз беришда сайловчиларнинг қарийб 70 фоизи, яъни 8,3 миллион киши иштирок этган. Улардан 6,5 миллионга яқини амалдаги президентга овоз берган. Қолган номзодлар 2-3 фоизга яқин овоз тўплаган.

“Очиқ жамият” халқаро минтақавий тадқиқотлар институтининг маълумотларига кўра, сайловчиларнинг 5,2 фоизи барча номзодларга қарши овоз берган.

“Бу кампания, шубҳасиз, тарихимизда қолади. Албатта, сайловнинг расмий натижаларини кутамиз. Шунга қарамай, ҳозирданоқ айтиш мумкинки, халқ менга президент сифатида, барчангизга ишонч билдирган. Халқнинг ишончи – энг муҳим қадриятдир. Халқнинг бу ишончини оқлашимиз керак. Шунинг учун бугун, 21 ноябрдан бошлаб барчамиз ишга киришамиз”, — деди Тоқаев сайлов натижаларини шарҳлар экан.

 

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.