Сурхондарёда аҳоли йўлни тўсиб қўйди

Источник: t.me/jarqurgon_yangiliklari

Сурхондарё вилоятининг Жарқўрғон туманида шанба куни маҳаллий аҳоли, хусусан аёллар 4Р-100б автомобиль йўлининг таъмирталаб аҳволига мутасаддиларнинг эътиборини қаратиш учун уни тўсиб қўйди. Бу ҳақдаги видеолар ижтимоий тармоқларда пайдо бўлди, деб ёзади «Газета.uz».

Видеолардан бирида асосан аёллар йўлни турли буюмлар билан тўсиб қўйгани, иккинчисида эса ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларининг аҳоли билан суҳбати акс этган.

Ҳолатга вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати расмий муносабат билдириб, 4Р-100б автомобиль йўлининг 0−11 км қисми 2023 йил 1 чорагида таъмирланиши белгиланганини айтди.

Маълум бўлишича, йўлнинг юк кўтариш қобилияти бир ўққа тушадиган тегишли меъёрий оғирликдан оғир бўлган юк автомобилларининг мунтазам равишда ҳаракатланиши оқибатида йўл таъмирталаб ҳолатга келиб қолган.

Ҳозирда Жарқўрғон туман Йўллардан фойдаланиш унитар корхонаси «бор куч ва воситаларни ишга солган ҳолда» биринчи навбатда ушбу автомобиль йўлида транспорт воситаларининг ҳаракат хавфсизлиги ва узлуксизлигини таъминлаш чоралари кўряпти, масала Сурхондарё вилояти автомобиль йўллари Бош бошқармаси томонидан назоратга олинди, дейилади хабарда.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.