Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастури: 2023 йилдан бошлаб кўчмас мулкка ягона солиқ жорий этилади

Источник: пресс-секретарь президента Узбекистана

Ўзбекистон президенти ЎзЛиДеП съездида нутқ сўзлар экан, 2023 йилдан бошлаб юридик шахсларнинг мулк ва ер солиқларини бирлаштирувчи ягона кўчмас мулк солиғи жорий этилишини маълум қилди.

Съездда октябрда бўлиб ўтадиган президентлик сайловларига Шавкат Мирзиёевнинг номзодини тасдиқлаш кутилмоқда.

Таълим соҳаси

Касбий таълим билан тизимли шуғулланиш масалалар, тўлиқ Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига ўтказилади. Келгуси беш йилда норасмий ишлаётган 2,5 миллион нафар фуқаро бандлигини легаллаштиришга ёрдам берилади. Шу орқали уларнинг ижтимоий кафолат ва имтиёзлардан тўлиқ фойдаланишига имконият яратилади.

Аёллар ўртасидаги ишсизлик даражаси келгуси беш йилда 2 баробарга камайтирилади. Шунингдек, 700 мингдан зиёд ишсиз хотин-қизлар касб-ҳунарга ўқитилади ва уларнинг харажатлари давлат томонидан қоплаб берилади.

Мактаб таълими тизими учун ўқув дастурлари ва дарсликлар илғор хорижий тажриба асосида тўла қайта ишланиб, 2026 йилга қадар амалда жорий этилади.

Олий таълимга қамров даражасини 50 фоизга етказиш билан бирга асосий эътибор таълим сифатини оширишга қаратилади.2026 йилга қадар камида 10 та олийгоҳ нуфузли халқаро рейтингларга киритилади.

Талабаларнинг яшаш шароитини яхшилаш учун келгуси беш йилда қарийб 100 минг ўринли талабалар ётоқхоналари барпо этилади.

Олий таълимда рақобат муҳитини кучайтириш мақсадида 2026 йилгача хусусий олийгоҳлар сони камида 50 тага етказилади.

Ижтимоий соҳа

Келгуси уч йилда уй-жойга муҳтож 10 мингдан зиёд хотин-қизларга имтиёзли шартлар асосида уй-жойлар ажратилади.

Базавий пенсия ҳисоблашда иш ҳақининг чегаравий миқдори ҳозирги 10 баробардан 12 баробарга оширилади. Бу – 2 миллион нафар фуқаронинг пенсияси камида 20 фоизга ошади, дегани;

Ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини 3 баробар оширишни кўзда тутувчи, касбга ўқитиш ва иш билан таъминлаш Миллий дастури ишлаб чиқилиб, амалга оширилади.

Тиббиёт соҳаси

Бирламчи бўғинига ажратиладиган маблағлар 2 баробар оширилиб, асосий эътибор хонадонбай тиббий профилактикага қаратилади.

46 та туманлараро перинатал марказлари барпо этилади, ногиронлиги бўлган болаларни соғломлаштириш учун Республика болалар тиббий реабилитация маркази ва унинг филиаллари ташкил қилинади.

Тиббий хизматлардаги хусусий секторнинг улуши ҳозирги 12 фоиздан 25 фоизга етказилади.

Ҳудудлар

– Тақдим этилаётган стратегияда ҳудудларни мутаносиб ривожлантириш масалалари илк бор устувор йўналиш сифатида белгиланмоқда, – деди Шавкат Мирзиёев ЎзЛиДеП съездида..

Ҳар бир ҳудуд бўйича туман ва шаҳарлар кесимида 14 та беш йиллик дастурлар ишлаб чиқилмоқда. Ушбу дастурларнинг мазмун-моҳияти жойлардаги сайловолди учрашувларимизда ҳар бир ҳудуд жамоатчилиги эътиборига тақдим этилади.

Реновация дастурлари асосида, шаҳарларда эскирган уйлар ўрнига 19 миллион квадрат метрдан ортиқ замонавий уй-жойлар қурилади, 275 мингдан зиёд оилалар янги массивларда яшай бошлайди.

If you have found a spelling error, please, notify us by selecting that text and pressing Ctrl+Enter.